Сайлов участкаси қандай тузилади?
Ҳадемай парламент ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов кампанияси эълон қилиниб, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар бошланади. Жорий йилги сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодексига асосан ўтказилади.
Шу боис, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси котиби Азиз Бўрибоев қуйидагиларни сўзлаб берди:
- Жорий йилнинг 26 июнь куни тасдиқланган Сайлов кодекси аввалги бешта қонун, йигирмага яқин низом, йўриқномаларни бирлаштириб, яхлит тизимга келтирган ягона ҳужжат, - дейди А.Бўрибоев. - Кодексда аввалги қонун нормаларида бўлмаган ёки белгиланмаган 30 дан ортиқ талаблар мавжуд.
Хусусан, 10-модда билан Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилиши белгиланди.
Бундан ташқари, 9-моддада сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги кераклиги кўрсатилган. Агар эътибор қилинса аввалги қонунчиликда 10-моддада кўрсатилган тартиб ҳам округ тузишда участкалар миқдорининг чегаралари ҳам белгиланмаган эди.
Сайлов кодексида шунингдек, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланди. Аввалги қонунчиликда ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби кўзда тутилмаган эди.
Энди йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин. Сайловга оид қонун нормаларида белгиланмаган бу талаблар Сайлов кодексининг 25-моддаси белгилаб қўйилди.
Ушбу моддада номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Илгари қонунчиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати йўқ эди. 28-модда билан сайлов куни сайлов участкаларида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилиши белгиланди.
Киритилган янгиликлардан яна бири ҳам сайловчиларга қўшимча қулайлик яратиши шубҳасиз. Яъни, энди фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади.
Шунингдек, янги тартибга асосан сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилади.
Аввалги қонунчиликда муддатидан олдин овоз бериш учун “сайлов варақаси” тўлдирилиши тартиби мавжуд бўлиб, тўлдирилган сайлов варақалари алоҳида конвертларга солиб муҳрланган ва сайлов куни сайлов қутиларига комиссия аъзолари томонидан ташланган.
Сайлов кодексида участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини овоз бериш кунига, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш кунига камида уч кун қолганида округ сайлов комиссияларидан олиши белгиланиб, “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланди.
Бундан ташқари, муддатидан олдин овоз бериш аввалигидай сайловга ўн кун қолганида бошланади, бироқ сайловга бир кун қолганда эмас уч кун қолганида тугалланади.
Овоз бериш энди сайлов куни соат 6:00 дан эмас 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади. Шу куни сайлов участкасида соат 8:00 да Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграши Сайлов кодексида белгилаб қўйилди.
Ё.ГАДОЕВ ёзиб олди.