Сайлов – Ватанга муносиблик, унинг тараққиётига дахлдорлик демак
Бугун, партиялар фаоллари, номзодларнинг танлаш масаласида ўз сўзини айтиши лозим бўлган сайловчилар билан мулоқотлари чоғида битта фикр қайта-қайта тилга олинмоқда – “Биз – юрт келажагига бефарқ эмасмиз!”.
Партиялар сайловолди дастурининг афзал жиҳатларини тарғиб этаётганлар ва бу дастурни ҳокимиятнинг вакиллик органида ўз иш режасига айлантирмоқчи бўлган номзодлар ҳам, бир-биридан жозибали таклифлар гулдастасини қабул қилаётган сайловчилар ҳам сайловларга, демакки, давлат ҳокимиятини шакллантиришда бевосита иштирок этишга бефарқ эмасликларини намойиш этмоқда. Буни марказий телевидениянинг қатор телеканаллари орқали бир вақтда бевосита намойиш этилаётган телемулоқотлар чоғида, партиялар нашридаги ранг-баранг мақолаларда, радио эшиттирувларда, интернет нашрларидаги чиқишларида, хорижий экспертларнинг мулоҳазаларида кўриш, эшитиш, кузатиш мумкин.
Фуқаролардаги сиёсий кўтаринкилик, эркин фикр билдириш истаги, мамлакатни янада обод, фаровон кўриш мақсади алоҳида таҳсинга лойиқ. Бу миллатнинг ўз қадр-қимматини нечоғлик чуқур англаб етаётганлигидан далолат.
- Телевидениянинг сайлов учун ажратилган эфир вақтини мунтазам кузатиб бораман, - дейди жураналист Адҳам Ҳайитов. – Бунда бир ҳолатга гувоҳ бўляпманки, сиёсий партиялар ўз сайловолди дастурларининг афзал жиҳатларини исботлаш орқали ҳокимиятнинг вакиллик органида устунликка эришиш, бошқарувдаги нўноқлик, расмиятчилик, халқ манфаатини менсимаслик, коррупция сингари салбий ҳолатларга қарши муросасиз кураш олиб боришга тайёр эканликларини билдирмоқда. Муайян бир партиянинг сўзи, қарори ҳокимият органида устувор вазифа касб этиши ва партиявий назорат билан уйғунлашиб, аниқ ижро механизмига эга бўлишидан эса фақат халқ манфаат кўради.
- 22 декабрда ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда Самарқанд вилоятидаги 556 та сайлов округидан 2 миллион 312 минг 96 нафар сайловчи иштирок этиши кутилмоқда, - дейди вилоят сайлов комиссияси котиби Азизбек Бўрибоев. – Бугун уларнинг номзодлар билан танишуви, мустақил танлаш ва сайлаш имкониятига эга бўлишлари учун барча сайлов участкаларида зарур шарт-шароитлар яратилган. Мазкур сиёсий жараён, уни ўтказиш тартиблари хусусида вилоят сайлов комиссиясига тушаётган мурожаатлар партиялар электоратини кўпроқ қизиқтираётгани, улар сайловни шунчаки, мавсумий тадбир сифатида баҳоламай, унинг якуний натижасидан оила, маҳалла манфаатларини руёбга чиқаришни истаётганликлари яққол сезилиб турибди.
Бу каби самимий эътирофлар ўз ўрнида айтилгани яхши. Аммо юқоридаги ҳар иккала суҳбатдошимизнинг хулосаларига асосланиб, сайловчилар билан сайлов ҳақида, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари хусусида бир ўлчамдаги фикрларни баён этишаяпти, десак унчалик тўғри бўлмайди. Ишончдан кўра, хавотир, шубҳа, гумонлар кўпроқ сезилиб турган, аччиқ, аммо очиқ айтилган фикрлар ҳам борки, уларни сайлов воқелигидан истисно қилиш мумкин эмас.
- Қаранг, беш йил олдин йўқолган депутатимиз бугун топилиб қолди, - дейди “Адолат” СДПнинг ахборот хизмати ходими Лола Сайидова. – У беш йил муқаддам партия тавсиясига асосан номзоди кўрсатилиб, маҳаллий кенгаш депутатлигига сайланган. Бироқ партиянинг бирорта йиғилишида, пленум, конференцияларида қатнашишни ўзига эп кўрмаган, ташкилот билан сиёсий алоқани узиб қўйган собиқ депутат бугун сайловда бошқа партиядан ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлганини эшитиб, очиғи ҳайрон қолдик. Наҳотки, депутатликни мансабга айлантириш учун рақобатчи партия электоратини яна беш йил ишонтириш мумкин бўлса? Ахир аввалги сайловда ўзини кўрсатиш учун депутатга нима етишмади? Ваколатми, партиянинг қўллаб-қувватлашими ёки йўл-йўриқ кўрсатишими?
- Телемулоқотлар чоғидаги тантанаворлик, сиёсий мунозара, муҳокамалар ва “мен сендан зўрман” қабилидаги гапдонликларни кўриб, очиғи, беш йил ичида қаерда юрган эдингиз, дегим келади, - дейди самарқандлик ҳамшира Ойша Узоқова. – Сайлов бюллетенига қўлимиз билан розилик белгисини қўйиб сайлаган депутатимиз корхонасининг ташвишларидан бўшамайди. Коммунал, таълим, тиббиёт соҳаларидаги муаммоларни вақтида ўрганиб ҳал этишга ҳафсаласи етишмайди.
- Аввало, бу йилги сайловларнинг адолатли ўтишига ва сайловчилар ўзларига муносиб вакилларни танлаб олишига, шубҳам йўқ, - дейди СамДУ профессори Фарҳод Набиев. – Бироқ бўлғуси янги депутатлар аввалги сафдошларининг хатоларидан зарур сабоқ чиқариб олишларини истардим. Хусусан, ўз ваколатининг беш йили давомида маҳаллий ҳокимият органида электорат манфаатига мос сиёсий фаолият олиб бориш ўрнига, кўпроқ статистик маълумот йиғиш, ижро ҳокимияти билан параллелчиликда олиб борилган ишлар натижасини ўз ташаббуси деб кўрсатишга одатланиш, бошқача айтганда, енгил обрў олишга интилиш айрим тоифадаги депутатларни сайловчилардан узоқлаштирди. Фикримча, бу иллатдан қутулиш учун сиёсий партиялар биринчи галда ўз депутатларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб боришни йўлга қўйишлари, махсус баҳолаш тизимини яратишлари ва депутатларни янги дастурий вазифалар билан қуроллантириб боришлари зарур. Қонунчилик ташаббуси ва ижро назоратини таъминлашда ўзини кўрсата олмаган вакилларни депутатликдан чақириб олиш механизмини йўлга қўйиш ҳам таъсирчан чора, деб биламан.
Хуллас, суҳбатдошларнинг фикрлари ранг-баранг, фойдали ва аҳамиятли. Бу хулосалар сайловда ҳокимият учун курашаётган сиёсий партияларнинг мақсад-муддаоларига мос келади, деб айтиш мумкин. Зотан, жаҳон ҳамжамияти ва юртимиздаги ҳар бир фуқаро томонидан диққат билан кузатилаётган янги сайловлар янгиланаётган Ўзбекистон бағрига мусаффо ҳаво олиб киришига ишонамиз.
Унутманг, сайлов – сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқаро учун Ватанга муносиблик, унинг тараққиётига дахлдорлик демакдир.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ.