School 21: Бепул IT таълим, халқаро компаниялар билан ишлаш имконияти

Самарқанд шаҳридаги School 21 технологиялар мактаби 17 ёшдан ошган фуқаролар учун IT соҳасида талаб юқори бўлган касбларни бепул ўргатиб келмоқда.

Лойиҳа россиялик ҳамкорлар билан биргаликда Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда. Мактабнинг биринчи кампуси 2023 йил 21 декабрь куни Самарқанд шаҳрида ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида фаолият юритмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бўлими томонидан вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ушбу муассасага пресс-тур ташкил этилди.

Журналистларга таълим муассасасининг фаолияти, ўқув жараёни ва иштирокчилар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганишича, мактабда анъанавий дарслар, маърузалар ёки баҳолаш тизими мавжуд эмасл, таълим тўлиқ амалий лойиҳалар ҳамда «бир-бирини ўқитиш» (peer-to-peer) усули асосида ташкил этилган.

Шунингдек, кампуслар ҳафтанинг етти куни, сутка давомида 24/7 режимида ишлаши туфайли иштирокчилар ўзлари учун қулай вақтда таълим олиш имкониятига эга. Таълим муддати танланган йўналиш ва ўқишга ажратилган вақтга боғлиқ. Дастурчи йўналишлари одатда 1,5 йилдан 3 йилгача давом этади. Мактабни тугатиш учун уч ойлик қатъий амалиёт ҳам мавжуд.

– Бугунги кунга қадар School 21 га Самарқанд ва Тошкент кампусларида таҳсил олиш истагида 120 мингдан ортиқ ариза келиб тушган, – дейди School 21 Самарқанд кампуси директори Бобомурод Тошбоев. – Улардан 11 мингдан зиёд номзод саралаш босқичи — «ҳовуз»да иштирок этган бўлса, 2,5 мингдан ортиқ иштирокчи асосий таълим дастурини муваффақиятли давом эттирмоқда. Айни вақтда муассаса Европа ва Осиёдаги маҳаллий ҳамда халқаро компанияларни ўзида қамраб олган юзга яқин ташкилотлардан иборат ҳамкорлик тармоғини ривожлантирмоқда. Мактабимизга навбатдаги номзодларни саралаш босқичи шу йилнинг 17 август куни бошланади ва унда иштирок этиш учун аризалар 13 августга қадар қабул қилинади.

Тадбир давомида журналистлар Самарқанд кампусидаги инфратузилма билан ҳам танишдилар. 4 минг квадрат метр майдонда жойлашган кампусда 500 та замонавий иш ўрни, тўртта ўқув кластери, 150 ўринли конференция зали, коворкинг ва музокара хоналари, спорт зали, дам олиш ҳудудлари, овқатланиш жойлари ҳамда бошқа ҳудудлардан келган иштирокчилар учун 180 ўринли ётоқхона ташкил этилган.

– School 21 да C, C++, Java, Python, Go, SQL каби дастурлаш тиллари билан бир қаторда DevOps, киберхавфсизлик, QA муҳандислиги, Data Science, UX/UI дизайн, тизим ва бизнес таҳлили, bioinformatics ҳамда бошқа замонавий IT йўналишларида ҳам таълим олиш имконияти яратилган, – дейди ургутлик Обиджон Алиқулов. – Мен ўқиш давомида C, C++, DevOps ҳамда маълумотлар базалари каби йўналишларда чуқур билим ва амалий тажрибага эга бўлдим. Олган билим ва кўникмаларим туфайли BetterWeb япон компаниясида уч ой амалиёт ўтадим ва шу компанияга ишга қабул қилиндим. Мен яратган лойиҳа япон тилида бўлиб, нуронийларни парваришлашга мўлжалланган.

Яъни, платформада қариялар уйларида фаолият юритаётган ходимлар учун нуронийларнинг кун давомида қандай овқатланишидан дам олишигача бўлган жараён рақамли тарзда бошқарилади. Айни пайтда имконияти чекланган болаларни парваришлаш бўйича ҳам рақамли платформа яратиш устида ишлаяпман.

Фазлиддин Рўзибоев.