Секторлар фаолияти самарадорлиги қандай баҳоланади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали томонидан жорий йилнинг 1-ярим йиллик якуни билан мавжуд 64 та сектор раҳбарларининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борган ишлари баҳоланди.

Баҳолаш ишлари 13 та муҳим самарадорлик кўрсаткичлари, аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровнома натижалари ҳамда ilm.argos.uz платформасидан фойдаланиш ҳолатига кўра, 100 баллик тизим бўйича амалга оширилди.

Якунда 86 баллдан юқори тўплаганлар - “яхши”, 76-86 балл тўплаганлар - “қониқарли” ва 76 баллгача тўплаганлар - “қониқарсиз” деб баҳоланиб, шартли равишда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” рангларга ажратилди.

Сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашда ҳудуддаги аҳоли ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг қониқиш даражаси ҳам ҳисобга олинди. Жумладан, июнь ойида вилоятдаги маҳаллаларда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, “Келажак лидерлари” клуби аъзолари, Ёшлар иттифоқининг жойлардаги етакчилари ҳамда Самарқанд давлат университети социология йўналиши талабалари ёрдамида аноним сўровномалар ўтказилди.

Ижтимоий сўровномада қатнашган 12155 нафар респондентдан 2763 нафари ёки 22,7 фоизини ёшлар ташкил этди. Соҳалар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, энг катта қисмини, яъни 27 фоизни мавсумий ишчилар ёки доимий иш манбаига эга бўлмаганлар ташкил қилди.

Сўров орқали жойлардаги аҳолининг ҳокимлик ва сектор раҳбарлари фаолиятидан, мавжуд транспорт, уй-жой коммунал хизматидан, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси таъминотидан, ички автомобиль йўлларининг сифатидан ҳамда мутасадди ташкилотларга йўлланган мурожаатларнинг кўриб чиқилишидан қониқиш даражаси ўрганилди.

Якуний натижага кўра, Пахтачи, Нарпай, Самарқанд, Иштихон, Жомбой, Қўшработ туманлари “яшил” ҳудудга кирган. Шунингдек, “сариқ” ҳудудлар сони 10 тани ташкил қилиб, бирорта ҳудуд “қизил”га кирмади.

Секторлар кесимида “яшил” секторлар сони 20 тани ташкил қилиб, 1-чоракдагига нисбатан 19 та, “сариқ” секторлар сони 43 тани ташкил қилиб, дастлабки 3 ойга нисбатан 15 та кўпайган. Яъни, 6 ойлик натижаларга кўра, “қизил” секторлар сони 1-чоракка нисбатан 34 тага камайиб, 1 та қолди. Бу ўтган давр мобайнида сектор раҳбарлари томонидан жойларда аҳолининг муаммоларини ечишда, хусусан, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ижобий ишлар амалга оширилганидан далолат.

Бугунги кунда мазкур тизимни янада такомиллаштириш мақсадида ҳуқуқий асос яратилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августда “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан энди баҳолаш натижаларига кўра, туман ва шаҳар секторлари ўртасида республика миқёсида “Энг намунали сектор” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида “Энг ташаббускор сектор” номинациялари бўйича 3 тадан ғолиб аниқланади. Ғолиб секторлар номинациясига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 500 баравари миқдорида пул маблағи билан рағбатлантирилади. Уларнинг иш тажрибалари республика ва тегишли ҳудудларда оммалаштирилади.

Бу борада инсон омилини камайтириш, рейтинг натижаларини сохталаштириш ҳамда кўрсаткичларни сунъий равишда оширишларнинг олдини олиш мақсадида секторлар фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича автоматлаштирилган дастурий таъминот – “sector.reyting.uz” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Фозилжон АХАТОВ,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали етакчи инспектори.