Секторлар камбағалликни қисқартиришда қандай вазифа бажаряпти?

Шу ва бошқа саволларга “Вилоят 4-сектори томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар” мавзусидаги матбуот анжуманида жавоб берилди.

Вилоят 4-сектор штаби котиби Ботир Усановнинг маълумот беришича, вилоят ҳудудий солиқ хизмати идораларига бириктирилган 4-сектор ҳудудида 271 та маҳалла бўлиб, уларда 253412 та оила ёки 992 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шундан 18602 та оила эҳтиёжманд ҳисобланади.

Сектор штаби асосий эътиборни мазкур оилалардаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни ишга жалб қилишга қаратган. Ҳисобот даврида 21923 нафарининг бандлиги таъминланган. Шу йўл билан 17301 та оила “Темир дафтар”дан чиқарилган. Якка-ёлғиз, ногиронлиги бор ҳамда “Темир дафтар”да доимий қоладиган 2788 та оилага моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” йўналишида ҳам тизимли ишлар олиб борилиб, ярим йилда 22492 нафар хотин-қиз ҳамда 2604 нафар ёшнинг муаммолари ҳал қилинган ва тегишли дафтарлардан чиқарилган. Масъуллар билан ҳамкорликда жойларда 28 маротаба сайёр қабуллар ўтказилган.

Секторда Давлат раҳбари раислигида ўтказилган камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалаллари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишидаги вазифалар ижроси доирасида ҳам ишлар бошланганлиги маълум қилинди. Жумладан, ҳудуддаги давлат идораларига тизимли ишлаш учун 5 тадан кам таъминланган оила бириктирилган. Улар бу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини меҳнат бозорида талаб йўқори бўлган касбларга ўқитиши ёки тадбиркорликка йўналтириб, даромадини ошириши керак. Сектор шу ва бошқа жараёнларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланади, аниқланган муаммоларни бартараф этади.