Сенат раиси маҳалладаги “бешлик” фаолияти билан танишди

Айни пайтда Самарқандда бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси Т.Норбоева Самарқанд шаҳридаги Чармгари маҳалласида ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётган “бешлик” – раис, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторлари билан учрашди.

Суҳбат чоғида маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, нотинч оилалар билан ишлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолият юзасидан фикр алмашилди. Маҳалла фаолларининг иш жараёнидан келиб чиқиб, таклиф ва мулоҳазалари эшитилди.

Сенаторлар “СамАнтепГилам” корхонасининг маҳалладаги тикувчилик цехи фаолияти билан танишди. Бугун тикув корхонасида 25 нафар маҳалла хотин-қиз меҳнат қилади. Т.Норбоева бу ерда ишлаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

Учрашув чоғида беш нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси топширилди.

- 34 йил агрокимёгар касбида меҳнат қилдим, - дейди 90 ёшни қоралаб қолган Назира Гулямова. - Биз, қарияларга ғамхўрлик қилаётган давлатимизга минг раҳмат. Кексайиб қолганим учун юришга қийналаётгандим. Бу совғадан жуда хурсанд бўлдим.

Шунингдек, аҳолининг мурожаатлари эшитилиб, уларни қийнаб келаётган масалаларга маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралар жалб қилинган ҳолда ечим топилиши маълум қилинди.

Тадбирда Т.Норбоева велоспортчилар, шахмат-шашка ҳамда камондан ўқ отиш бўйича ёш спортчилар билан ҳам учрашди.