Сенатнинг бугунги ялпи мажлисида 2023 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди
Қайд этилишича, ўтган йили 91 та қонун кўриб чиқилган. Бир қатор қонунлар ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш якунлари бўйича Ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилган.
Ялпи мажлисларда 8 марта ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳудудлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилган.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берган ҳолда, сенаторлар томонидан ялпи мажлислар муҳокамасига 17 та муаммоли масала олиб чиқилган. Улардан 9 таси ижобий ҳал этилиб, 8 таси бўйича муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Йил давомида Сенатнинг ҳудудларда олиб борган ўрганишлари ва унинг якунлари бўйича ҳукуматга киритган таклифлари асосида жойлардаги муаммоли масалаларни (мактаб, боғча, касалхона, сувдан фойдаланиш, йўл қуриш ва ҳоказо) ҳал қилишга умумий ҳисобда 1 трлн. сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилиши таъминланган.
Сенат қўмиталари томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида ҳудудларда 80 га яқин ўрганиш ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Мажлис давомида парламент юқори палатасининг 2024 йилга мўлжалланган асосий вазифалари ҳам белгилаб олинди.