Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам кўрилиши кутилмоқда
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисини 2023 йилнинг 4 август куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган мазкур ялпи мажлисда қатор қонунлар ҳамда масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Хусусан, “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунларни кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинади.