"Сенинг ишинг қафас ясамоқ, менинг ишим эрк деб яшамоқ"
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 70 ёшга тўлди
Ижодкор 1952 йил 20 январда Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида туғилди.
Ўрта мактабни тугаллаб, ТошДУ (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетида таҳсил олди.
Илк иш фаолиятини 1974 йилда нашриёт ва ижодий ташкилотларда бошлади. Кейинчалик Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари, Ўзбекистон Миллий телерадикомпаниясида турли раҳбар лавозимларида ишлади.
Хуршид Давроннинг «Қадрдон қуёш», «Шаҳардаги олма дарахти», «Тунги боғлар», «Учиб бораман қушлар билан», «Тўмариснинг кўзлари», «Болаликнинг овози», «Қақнус», «Баҳордан бир кун олдин» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Унинг тарихий сиймолар - Бибихоним ҳақидаги «Самарқанд хаёли», Улуғбек ҳақидаги «Соҳибқирон набираси», Нажмиддин Кубро ҳақидаги «Шаҳидлар шоҳи» каби тарихий-маърифий қиссалари ўз ўқувчиларини топган.
1999 йилда Хуршид Давронга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди. Кейин «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.
Қуйида шоирнинг шеърларидан ўқийсиз.
***
Олис тоғлар томонда
Олис-олис тоғлар томонда
Қўзғалмоқда кузак бўрони.
Ва ҳадемай чексиз осмонда
Пайдо бўлар унинг сурони.
Печакгулнинг новдаларидан
Япроқлари тўкилиб бўлди.
Чечак боғлар,
Заъфарон боғлар
Хазонларнинг оҳига тўлди.
Қировларга айланар шабнам,
Ой гардишсиз чиқмас фалакка.
Ўз-ўзимни тайёрлаб мен ҳам
Сиғинаман ёлғиз юракка.
Уни-да мен очдим дардларга,
Қутқаради дилни фақат ғам.
Ғам ёр бўлар фақат мардларга,
Улар ғамни кўрмаслар баҳам.
* * *
Самарқанд – заъфарон тирамоҳ,
Бухоро – қирмизи саратон.
Тош шаҳри – совиган қаҳрабо,
Туркистон… Туркистон… Туркистон…
Хива “Хайр” каломи. Сукунат,
Саҳрода янграган қўнғироқ.
Қўқон – боғ. Ватан деб жон берган
Йигитлар қонини ичган боғ.
Шаҳрисабз кабутар патидир,
Зангори рангларга бўялган.
Термиз – кўр хаттотнинг хатидир,
Замонлар зарбидан туйилган.
Бобурнинг кўзёши – Андижон,
Марғилон – минг ёшли қизалоқ.
Туркистон… Туркистон… Туркистон…
Даштдаги қон рангли қизғалдоқ…
Юлдуз
Дўстимни чақирсам,
Қарамай кетди –
Бир дарахт ёнимда чайқалди нотинч.
Товушим кўкдаги юлдузга етди,
Қонимда уйғонди энг сўнгги илинж.
Дардимни айтсайдим, дегандим, бироқ
Дўстимни чақирсам, қарамай кетди.
Мен уйга қайтдиму, ёндирдим чироқ,
Дунё сокин эди,
Дунё тинч эди.
Чироққа термилиб ўйларга ботсам,
Қошимга ғамларнинг барчаси қайтди.
Чироқни ўчирмай ухламай ётсам,
Чироғим юлдузнинг сўзини айтди…
* * *
Сенинг ишинг умр кечирмоқ,
Менинг ишим сени кечирмоқ.
Сенинг ишинг қафас ясамоқ,
Менинг ишим эрк деб яшамоқ.
Сенинг ишинг қонунлар тузмоқ,
Менинг ишим уларни бузмоқ.
Сен қафасга қушни соларсан,
Соларсан-да, лаззат оларсан.
Мен қушларни озод қиларман
Ва ўзим ҳам озод бўларман…