Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ижодкорлар карвони шаҳар бўйлаб айланади

Вилоят маданият бошқармаси маълумотига кўра, 18 октябрь куни эрта тонгда Самарқандда ижод қилаётган адиблар, шоирлар, нуронийлар Ислом Каримов ҳайкали олдидан Сартепа, Суғдиёна, Самарқанд халқаро аэропорти бўйлаб карнай-сурнай садолари остида ҳаракатланади.

Кимёгарлар шаҳарчаси «Нурафшон» санъат саройида, вилоят мусиқали драма театрида, «Ёшлик» истироҳат боғида, Ислом Каримов кўчасида, А.Навоий номли марказий маданият ва истироҳат боғида, Фарҳод шаҳарчасидаги «Зарафшон» истироҳат боғида ҳамда Сўлим шаҳарчасида 9.00 дан 21.00 га қадар 12 соат давомида маданий дастурлар намойиш этилади.

Унда Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг истеъдодли ўқитувчи ва ўқувчилари, вилоят мусиқали драма театри актёрлари, фольклор жамоалар, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси вилоят бўлими санъаткорлари ҳамда маданият марказлари ижодкорлари ўз дастурлари билан чиқиш қилади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.