Шарафли мағлубият
Кениялик югурувчи Абел Мутай марра чизиғига атиги бир неча метр қолганида белгиларда адашиб, манзилга етиб келдим, деб ўйлаб, югуришдан тўхтади. Ундан кейинда келаётган испаниялик Иван Фернандез рақибининг хатосини тушуниб, кениялик енгил атлетикачига югуришни давом эттириши зарурлигини айтиб, бақира бошлади. Мутай испан тилини тушунмагани боис ҳайрон эди.
Фернандез Мутайнинг олдига келиб, уни ғалаба чизиғи томон итариб келди. Бу ҳолатни қизиқиш билан кузатаётган мухбирлардан бири Ивандан маррага биринчи бўлиб етиб келиш ўрнига, нега рақибига йўл берганини сўради.
"Мен доим бир-биримизнинг қўлимиздан тутиб, ғалаба сари боришга ёрдам берадиган одамлар яшайдиган жамиятни орзу қиламан", жавоб берди Иван Фернандез.
"Лекин нақ бўлиб турган ғалабани рақибига тортиқ қилиш спортчиларга хос эмас", бўш келмади мухбир ҳам.
"Унга ғолибликни мен тортиқ қилганим йўқ, зотан у ғолиб бўлиб бўлган эди".
"Қоидага кўра, сизда ҳам ғолиб бўлиш имконияти бор эди", деди бошқа мухбир.
"Унда менинг ғолиблигим нимага лойиқ бўлар эди? Унда ғолиблик медалининг қадри қанчалик бўларди? Мени кузатаётган онам бу ишимдан қандай ҳолга тушар эди? Ғолиб бўлиш - ёқимли, аммо хато қилган одамга кўмаклашиш - ундан шарафлироқ." -деди...
Шуҳрат САТТОРОВ таржимаси.