Шароф Бошбеков 70 ёшда
Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, ёзувчи, сценарийнавист, актёр Шароф Бошбеков туғилган кун. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди жамоаси устозни ушбу қувончли сана, улуғ ёшга тўлгани муносабати билан табриклайди.
Шароф Бошбеков 1951 йилнинг 4 январида Самарқанд вилояти Булунғур тумани, Ғубор қишлоғида туғилган. 1974 йили Островский номли Тошкент театр ва рассомчилик (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тамомлаб, Муқимий номидаги мусиқали театрда актёр бўлиб ишлай бошлади (1971–1975, 1980–1983). Аввалига оммавий сахналарда чиқиб, кейинчалик кичик-кичик роллар ижро этган. Хусусан, у Чингиз Айтматовнинг “Момо ер” спектаклида Сувонқул, Жуманиёз Жабборовнинг “Ўжарлар” комедиясида Қувондиқ, Гарсиа Лорканинг “Қонли тўй” драмасида куёв, “Мавлоно, Муқимий” спектаклида Муқимийнинг рақиби Муҳий каби образлар яратди.
У 1975–1980 йиллар Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилояти театрида ҳам актёр бўлиб ишлаган. 1976–1977 йиллар ҳарбий хизматни ўтаган. 1984–1986 йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий ходим, 1986–1987 йиллар “Ўзбекфильм” киностудиясида сценарийнавис, 1987–1988 йиллар Ҳамза номли академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри) қошидаги драматургия бўйича ижодий устахона мудири вазифаларида фаолият юритди. 1988 йилдан ҳозирги вақтга қадар эркин ижодкор.
ХХ асрнинг 70-йилларида ёзувчилик фаолиятини бошлаган Шароф Бошбеков аввал “Тақдир эшиги” номли икки кишигина қатнашадиган комедия ёзади. Сўнг “Тикансиз типратиканлар” номли пьесаси дунёга келди. Кейин “Тушов узган тулпорлар” драмаси ёзилди. Бу драма “Йилнинг энг яхши насрий асари” деган мукофотга лойиқ топилган. Ҳажвий ҳикоялари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг “Йилнинг энг яхши ҳажвий асари” мукофотига муносиб топилди. “Муштум” журналида эълон қилинган “Буюк мақтанчоқлик”, “Буюк қўрқоқлик”, “Буюк бахтиёрлик” номли публицистик чиқишларига журналнинг “Йилнинг энг яхши публицистик асари” мукофоти берилди.
Шароф Бошбековнинг 10 га яқин пьеса ва 10 дан ортиқ киносценарийси эълон қилинган. “Темир хотин” номли пьесаси аввал Республика миқёсида ўтказилган театр фестивалида бош соврин – “Гран-при”ни қўлга киритди. Сўнгра Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўтказилган театр фестивалининг мутлақ ғолиби деб топилди.
Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати.