Шароф Рашидов билан 45 минутлик суҳбат ёки “чўл бургути”нинг парвози
1970 йилларнинг бошида «Главсредазирсавхозстрой» бошқармасига қарашли «Средазирмонтаж» трестида бошқарувчи бўлиб ишлаб юрган кунларимнинг бирида бошқарма бошлиғи, Социалистик меҳнат қаҳрамони Нажим Ҳамроев чақириб қолди.
- Мансур, сени Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ишга таклиф этяпти, - деди. Сўнгра Нажим ака бугунги кунда жамиятда ва халқ хўжалигида бу юқори органнинг ўрни тўғрисида гапирди.
Шароф Рашидов раҳбарлиги остида ишлаш бахти ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Қолаверса, бутун Марказий Осиё чўллари, Россиянинг ноқоратупроқ ерларини ўзлаштиришда қатнашиб, кеча-ю кундуз ишлаб роса чарчаган эдим. Бу таклифдан бошим осмонда эди. Эртаси куни Марказқўм сув хўжалигининг бўлим бошлиғи Владимир Сускинга учрашиб, барча расмиятчилик ҳужжатларини тайёрлаб, тегишли раҳбарлардан суҳбатдан ўтдим. Навбат Шароф Рашидовнинг суҳбатидан ўтиш эди.
Ш.Рашидовнинг вақти бўлмаганлиги боис қабулига кириш чўзилиб кетди. Марказқўм бўлим ходими Темир Хидиров кунора қўнғироқ қилиб, “Ҳеч қаерга кетиб қолма, тўсатдан чақириб қолиши мумкин”, деб огоҳлантириб турди.
Бошлиқ ўринбосарлари яқин жойда йиғилиш ўтказганда ҳам таклиф қилса бормас эдим. Бошлиқ ўринбосари Гараев: “Иваново шаҳрига борасан” деб туриб олди. Мен ҳар нарсани баҳона қилиб, боришдан бош тортар эдим. Гараев шошқалоқроқ одам эди. “Абдураимов айтганимни қилмаяпти, Ивановодаги янги завод масаласини ҳал қилиш учун бориб кел десам, унамаяпти”, деб Ҳамроевга устимдан шикоят қилар, ҳамма “иш”дан хабардор Ҳамроев эса ҳеч нарса демас эди.
Ниҳоят, кутилган кун келиб, Марказқўмга чақириб қолишди. В.Сускин билан Ш.Рашидов қабулхонасига бордик, у киши ичкарида ким бор деб ёрдамчи Тельман Абдушукуровдан сўради. Ва жавобини эшитгач, ўзи ҳам кириб кетди.
Қабулхонада Марказқўмнинг ташкилий-партиявий ва умумий бўлими ходимлари бир неча кишини Ш.Рашидовга суҳбатга чақиришган ва уларни қабулини ташкил қилиб турган эди. Улар сафига мен ҳам қўшилдим.
Қабулни шундай ташкил қилишганки, Ш.Рашидов хонасига кирадиган эшик икки қаватдан иборат. Кирадиган одам икки эшикни ўртасида тик туради, қабулдан чиқадиган одам эшикни очиб чиқиб кетгандан сўнг икки эшик ўртасидаги турган одам қабулга киради. Бундан мақсад икки кишини қабули ўртасида кўп вақт йўқотмаслик ва асосан, хона эшиги икки марта очилиб ёпилмаслиги учун шундай ташкил қилинган. Навбатим келганда мен икки эшик ўртасида тик турдим. Мендан олдин кирган ходим чиққунича тез-тез соатимга қараб турдим. У киши чамаси 5-6 минутлар ўтгандан сўнг чиқди, ўрнига мен кирдим. Ш.Рашидов суҳбатлар ўтказадиган узун столнинг тўрида ўтирган экан. Чап томонида тумбочка устида бир нечта телефон аппаратлари турибди. Салом бериб кирдим. Менга эшитарли даражада саломимга алик олиб жавоб берди ва ўтиришга жой кўрсатди. У кишининг ёнларида Марказқўм секретарлари Ғайрат Қодиров, Ерижеп Айтмуротов ва бўлим бошлиқлари Пётр Иванович Сеникопов, Владимир Иванович Сускин ўтирган эди. Шошилмасдан ҳужжатларимни варақлаб, “Жуда катта оилада тарбия топган экансиз”, деб оиламизда 9 бола эканимизни айтиб, яна ўтирганларга темирйўл ишчиси фарзанди эканлигимга ҳам урғу бериб қўйди. Мастерликдан иш бошлаганимни айтиб, кейинчалик бир меъёрда чўлдаги ишлар ва у ердаги шароитлар тўғрисида сўз юритди. Бошқа саволлар қатори “Сиз Самарқанд вилоятидан экансиз, институтни битиргандан сўнг, нега Самарқандга ишга бормасдан чўлга ишга бордингиз?” деб савол берди.
Мен талабалик давримда икки марта чўл совхозларига пахта теримига бориб, у ердаги ҳаётга қизиқиб қолганимни, аҳоли ҳар хил вилоятлардан келиб, аҳил-иноқ яшаётганини худди ака-укадек бир-бирларини ҳурмат қилишини кўриб ҳавас қилганимни айтдим. Замон талабига мос янги посёлкалар, равон кўчалар қурилиб, шаҳар кўринишига эга бўлаётганини кўриб, келажакда бу ерларда ҳамма шароити мавжуд шаҳарчалар пайдо бўлишига ишончим комил эканлигини гапирдим. У ерда мутахассислар учун катта имкониятлар яратилаётганини ва замонавий техника таъминоти, халқ хўжалиги келажакда ривожланиб, мутахассислар истиқболи учун кенг кўламда захиралар пайдо бўлаётгани менда чўлга ишга боришга иштиёқ уйғотганлигини айтдим.
Шундан кейин Шароф Рашидов ўзининг ёшлигини эслаб, Самарқандда ишлаганлиги ва Самарқанд халқи тўғрисида меҳр билан гапира бошлади. Сўнгра мавзуни чўлга бурди. У киши чўлни жуда яхши кўрар эди. Шунинг учун ҳам ҳар йили чўлга камида икки марта бориб, бутун районларни айланиб чиқар, аҳоли, мутахассислар, донгдор деҳқонлар ва район раҳбарлари билан учрашар эди. Айниқса, чўлнинг фидойи хўжалик раҳбарлари, совхоз директорлари Социалистик меҳнат қаҳрамонлари Эргаш Холматов, Мамажон Дадажонов, машҳур деҳқонлар Зокир Санақулов, Худоёр Латиповлар билан учрашиб, чўлда яшаётганларни ижтимоий шароити ва бошқа муаммолари билан қизиқар ва уни ҳал қилиш масалаларини муҳокама қилишар эди. Чўлга ёшларни жалб қилиш шароитлари тўғрисида фикр алмашар эди. Мен гувоҳ бўлганим чўлда ҳар гектар майдондан 100 центнердан дон ҳосили оламиз деб дон етиштирадиган совхоз ташкил қилиб, 50 центнерга яқин буғдой олиб ўрнига маккажўхори экиб, 60 центнерга яқин макка дони етиштириб, чўлни ҳали фойдаланмаган имкониятлари кўп эканлигини исботлаб берган.
Менинг жавобимдан кейин парта орқасида ўтирган студент чўлнинг моҳиятини шунчалик тушунган бўлса, биз чўлни ўзлаштириб хато қилмаган эканмиз, деди ва:
- Бу йигит “чўлнинг бургути”, чўл унинг макони экан-ку, чўлда ўзини жуда эркин тутиб, чўлнинг барча имкониятларидан баҳраманд бўлиб, учиб юрган эркин лочин экан-ку. Сизлар уни олиб келиб, кабинетга қамаб ўтирасизларми? Бирорта яхши мутахассисни кўрсаларингиз, дарров ёнларингизга олиб келиб оласизлар, - деди.
Марказқўмга ишга ўтиш масаласи кўтарилгандан бери 3-4 марта келиб, бу ерда саранжом-саришталик, тартиб-интизом ва бу идорага хос бўлган ички интизомни кўриб менда шу даргоҳда ишлаш иштиёқи кундан кунга кучая борган эди. Шароф Рашидовнинг ушбу гапларидан кейин розилик бермайдиганга ўхшайди деб озроқ ваҳима босди. Шунда Е.Айтмуротов “Бир-икки йил партия ишини ҳам ўргатайлик, кейин масъулиятли вазифаларга жўнатамиз, яна “ўзининг чўли”га юборамиз”, деб қолди. Шундан кейин Шароф Рашидовнинг кайфияти янада кўтарилиб, бундай ходимларни тарбиялаш ва қўллаш керак, деб ўрнидан туриб менга қўлини узатди. Мен ҳам миннатдорчилик билдириб, эшикка қараб йўл олдим. Қабулхонага чиққандан сўнг соатимга қарасам, ичкарида 45 минут бўлган эканман.
Киришга навбатда турган йигит 45 минут икки эшик ўртасида туриб мени чиқишимни кутган. Чиққанимдан сўнг, Марказқўм учрашувини ташкил қилиб турган масъул ходимлари бирин-кетин менинг нима учун узоқ вақт ушланиб қолганимга қизиқиб, сўрай бошлашди. Менинг кайфиятим аъло даражада эди. Шу ерда ўтириб В.Сускинни кутдим. У киши ичкаридан чиққанидан сўнг иккаламиз бўлим томон йўл олдик. В.Сускин ташқи кўринишидан ўз ҳиссиётини билдирмаса-да, бир марта “яхши бўлди” деб қўйди. Менинг ҳужжатларимни яхши кайфият билан ўринбосари Эркин Зоҳидовга бериб, “Охирига етказ” деди. Унинг кайфиятини кўрган Эркин Тожиевич “Хўжайиннинг кайфияти яхши, суҳбатдан хурсанд бўлдими?” деб қизиқа бошлади. Мен суҳбат яхши ўтганлигини айтдим.
Навбатдаги секретариат йиғилишида тасдиқдан ўтганимдан сўнг бўлимга келиб В.Сускинни кутиб турдим. У “Эртага ишга чиқ”, деди. Мен “Бугун соат 15:00 да трест кенгашининг ойлик йиғилиши бўляпти, эртага “Главка”да кичик коллегия бўлади. Менга икки кунга рухсат беринг, бир ойлик ишимнинг натижасини якунлаб олай”, деб жавоб олдим. В.Сускин ҳукумат телефонидан Н.Ҳамроевга қўнғироқ қилди. Телефонни ёрдамчиси олиб Ҳамроевни ўз ўрнида эмаслигини айтди. Шунда В.Сускин “Главка” бошлиғининг биринчи ўринбосари П.Х.Канга қўнғироқ қилиб, “Биз ҳозир Абдураимовни секретариатда тасдиқлаб, Марказқўмга ишга олдик, унга икки кунга рухсат бердик. Индинга катта коллегия бўлар экан, коллегиядан озод қилинглар, бу ёққа ишга чиқсин”, деди. В.Сускин билан хайрлашиб, трестга келдим. Марказқўмга кетишдан олдин трест бош муҳандиси Э.М.Хейфецга “Ҳозир Аҳмад Яҳёбоев келади, биргалашиб трест кенгашининг йиғилишини ўтказаверинглар, мен бирор соат чамасида келаман”, деб кетдим.
Трестга қайтиб келсам, йиғилиш давом этаётган экан. Кенгаш йиғилишига раислик қилиб давом эттирдим. Ойлик кўрсаткичлар жуда қувонарли бўлмаса ҳам қониқарсиз эмасди. Йиғилишнинг охирида сўзга чиқиб, “Энди сир сақлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Мен ҳозир Марказқўм секратариати йиғилишида тасдиқдан ўтиб, Марказқўмга ишга кетяпман”, дедим. Залда ғала-ғовур кўтарилди. Аҳмад Маҳмудович “Келинглар, Мансур Фармоновичга бирга ишлаганимиз учун миннатдорчилик билдирайлик”, деб айрим ютуқларимизга тўхталиб ўтди. Жамоада бир-бирига ишонч ва ҳурмат муҳитини яратди ва бошқа ижобий ҳолатларимизни эслаб, миннатдорчилик билдирди. Марказқўмдек юқори давлат бошқарув органига “Главсредазирсовхоз”дан биринчи бўлиб ишга ўтаётганимни ҳам эслатиб ўтди. Бунда коллективнинг ҳам катта ҳиссаси борлигини алоҳида қайд этди.
Буни ёзаётганимнинг битта сабаби бор: Шароф Рашидов қанчалик юқори лавозимда ишлаган бўлмасин, оддий одам, ёшлар билан дўстона, самимий суҳбатлашар, унинг фикрлари, орзу-интилишларига беэътибор бўлмасди. Бунга мен - Мирзачўлда оддий электрик чилангарликдан Ўзкомпартия МК ходими, кейинчалик Большевик (ҳозирги Паст Дарғом туманининг Гўзалкент ҳудуди) тумани раҳбари, вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимларида ишлаган шахс сифатида эътироф этяпман.
Мансур Абдураимов,
меҳнат фахрийси.