Шарқнинг ягона тарихчи аёли ким эди?

Темурийлар тарихи ҳамиша жаҳон муаррихларининг энг муҳим мавзуларидан бири бўлиб келган. Хусусан, Бобур ва унинг авлодлари ҳақида минглаб асарлар ёзилган. Бу борада илк манбаларнинг аҳамияти беқиёс. Шу маънода Бобурнинг қизи Гулбаданбегим томонидан ёзилган “Ҳумоюннома” асари Ўрта асрлар Шарқ маданиятининг бебаҳо тарихий-илмий ёдгорлиги ҳисобланади.

“Ҳумоюннома” Шимолий Ҳиндистон халқлари тарихини ёритиш, Бобурнинг катта ўғли Ҳумоюн ҳукмдорлик қилган давр тарихини очиб беришга бағишланган. Бу асар Бобурнинг набираси Ҳиндистон шоҳи Акбаршоҳ (1556-1603) даврида ёзилган. Гулбаданбегим ўз даврида илм чўққиларини эгаллаган, саводи мукаммал, темурийлар саройидаги зодагон аёлга хос юксак маданият соҳибаси бўлган. Унинг Шарқ аёлларига муносиб нозик диди, синчковлиги, оила аъзоларига ўта меҳрибон ва мушфиқлиги киши эътиборини тортади. Гулбаданбегим Шарқда ягона тарихчи аёл сифатида шуҳрат топган.

 “Ҳумоюннома”даги маълумотларга қараганда, Бобур вафот этган 1530 йилда Гулбадан 8 ёшда бўлган. Онаси Дилдорбегим эди, аммо у ёшлигидаёқ укаси Ҳиндол Мирзо билан Бобурнинг катта хотини Моҳимбону тарбиясига топширилади. Моҳимбону вафотига қадар (1533) Гулбаданбегим Бобурнинг катта ўғли ва вориси Ҳумоюн Мирзо билан бирга тарбия олади. Гулбадан ҳар иккала онасини ҳам беҳад ҳурмат қилган.

1526 йил 27 апрелдан Бобур Деҳли салтанати ҳукмдори­ Султон Иброҳим (1517-1526)ни енгиб, Шимолий Ҳиндистонда ўз ҳукмдорлигини ўрнатгач, Қобулга хат ёзиб, у ерда қолган барча қариндош уруғлари, дин пешволари, давлат арбоблари, саидлар, олимлар, шоирлар ҳамда бутун ҳарам аҳлини Ҳиндистонга чақиради. Шундан сўнг Гулбаданбегим дастлаб Ҳиндистонда ­Бобур саройида, сўнгра Ҳумоюн подшоҳ (1530-1556), Акбаршоҳ (1556-1603) паноҳида умр кечиради.

“Ҳумоюннома”да XVI асрда Бобур ва айниқса, Ҳумоюн саройидаги хотин-қизлар аҳволи ва уларнинг феодал жамиятида тутган мавқелари ҳақида ҳам кўп маълумотлар мавжуд. Гулбаданбегимнинг ёзишича, “бегимлар” айрим ҳолларда давлат ишларида катта ўрин тутган. Масалан, Гулбаданнинг ўзи Ҳумоюн подшоҳ даврида давлат миқёсидаги дипломатик муносабатларда иштирок этган.

Гулбаданбегим ўз асарида Тилсим (тўйхона учун қурилган иморат) тўйи муносабати билан йиғилган бегимлар ҳақида: “Булар мардона кийимларни кияр эдилар ва захгиртарошлик (ўқ отиш ўйини, бунда суяк ангишвонани бармоққа кийиб ўқ отганлар), чавандозлик, тирандозлик каби ҳар хил ҳунарларга уста эди ва созлардан кўпчилигини чалар эди”, деган жумла билан ўз даврининг зодагон хотин-қизларининг ҳарбий ҳаётдаги юқори мавқеларига алоҳида баҳо беради.

Маълумки, Бобур хоҳ Мовароуннаҳр, хоҳ Хуросон, хоҳ Ҳиндистонда бўлсин, қурилиш ишларига катта эътибор берган. Унинг Ҳиндистонда қурган иморатлари, яратган боғларининг ҳисобига етиш мушкул. Гулбаданбегим Бобурнинг ўлимига қандай дард сабаб бўлганини аниқ ёзмайди. Лекин у ўғли Ҳумоюн оғир касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган чоғида унинг жонига ўз жонини фидо қилиб, “жонга жон” беришга тайёр экани ҳақидаги ҳикоятни келтиради: “Менки, Бобурман, умри жонимни ўғлим Ҳумоюнга бағишлайман, деб айтганини ва шундан сўнг, Бобурнинг ўзи касал бўлиб ётиб қолгани ва Ҳумоюн эса ўша куниёқ ўрнидан туриб кетганини ҳикоя қилади. Бобур ниҳоят озиб кетган ва табиблар қанча даво қилмасинлар, ҳеч қандай чора топа олмаганлар. Сўнг Бобур ўз ҳузурига амирлар ва яқинларини чақириб:  “Кўп йиллардан бери Ҳумоюн Мирзога подшолигимни топшириб, ўзим Зарафшон боғининг бир бурчагида турсам, деган фикрим бор эди. Худонинг карами билан ҳамма нарса муяссар бўлди. Лекин мана, мақсадимни соғ пайтимда қилсам, деган эдим, бўлмади. Касал мени эзиб қўйди. Сизларга васиятим шуки, “Ҳаммангиз Ҳумоюнни менинг ўрнимга деб билинглар ва унинг ҳукмронлигини камситманглар. У билан мувофиқ ва ҳамжиҳат бўлинглар”, дедилар, бу сўзлардан у ерда турганлар ва буни кўрганларнинг ҳаммаси йиғлаб юборишди. Подшоҳнинг муборак кўзлари ҳам ёшга тўлди”, деб ёзади Гулбаданбегим.

“Бу воқеани ҳарамдагилар ва ташқаридаги кишилар ҳам эшитишди ва йиғи-сиғи, тўполон бўлиб кетди. Уч кундан сўнг ҳазрат подшоҳ ўткинчи дунёдан абадий дунёга ўтдилар. 937 йил жумодил аввал ойининг бешинчи куни - душанба куни (яъни, 1530 йил 26 декабрь) вафот тарихларидир”, дейилади “Ҳумоюннома”да.

Гулбадан Ҳумоюн даврида Ҳиндистонда ва Қобул улуси ўртасида рўй берган сиёсий қарашлар ва ака-укаларининг ўзаро тахт учун олиб борган жанглари қаторида ўша замон ижтимоий ҳаётини тасвирлайдиган маълумотлар, яъни уй-рўзғор, тўй ва аза маросимлари ҳақида бошқа тарихий асарларда учрамайдиган нодир маълумотларни ҳам акс эттирар экан, ўзининг шахсий ҳаёти ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди.

Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур вафотидан кейин (1530) Ҳиндистонда ички ва ташқи феодал курашлар ниҳоят авж олиб кетади. Мамлакатда қимматчилик, айрим ҳолларда очлик ҳам авжига чиқади. Сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан заифлашган мамлакатни Ҳумоюн узоқ ушлаб туролмайди. У узлуксиз курашлардан сўнг, 1540 йили Ҳиндистонни Шершоҳ Сурга қолдириб, Қобулга йўл олади. Лекин ўз укалари Комрон Мирзо ва Аскарий Мирзо уни Қобулга қўймайдилар. Шундан сўнг у Эронга - шоҳ Тохмасп саройига бошпана истаб кетишга мажбур бўлади. Бу даврда Гулбаданбегим Қобулда қолган эди.

Гулбаданбегим “Ҳумоюннома” саҳифаларида нозик таъб, юксак дид, узоқни кўра оладиган, оқила ва фаросат соҳибаси, ўз даврининг мураккаб ижтимоий ва сиёсий ҳаётини ақл-идрок билан таҳлил қила оладиган олима сифатида кўринади. 1550 йилда Комрон билан Ҳумоюн ораларидаги ўзаро жанг Ҳумоюн ғалабаси билан тугайди. Қобул қўлга киритилади. Худди шу жангда Ҳиндол Мирзо оғир захм жароҳати билан вафот этади.

Гулбаданбегимнинг ёзишича, Комрон 1553 йили қўлга олиниб, Ҳумоюннинг буйруғи билан унинг кўзига мил тортиб кўр қилинади.

“Ҳумоюннома” Ҳиндолнинг ўлдирилиши ва Комроннинг кўр қилиниши ҳақидаги хабар билан узилиб қолади, унинг сўнгги саҳифалари ҳалигача топилгани йўқ. Ҳиндол Мирзо ўлдирилиб, Қобул қайта қўлга киритилиши воқеалари Ҳиндистон тарихнавислари асарларида ва Ҳумоюн подшоҳ саройида кўп вақт яшаган Сейди Али Раиснинг “Миръотул мамолик” каби тарихий асарида баён қилинади.

Ҳумоюн ўз укаларининг ўзбошимчалигини бартараф қилгач, қўлдан кетган Ҳиндистонни олиш учун қайта отланади. Энди Ҳумоюннинг Ҳиндистонни қайта забт этиши учун ҳамма имкониятлар мавжуд эди. Ҳумоюн подшоҳ 1555 йили Искандаршоҳга зарба бериб, Деҳлига киради ва уни қўлга киритади. Лекин ҳали Ҳиндистон бутунлай фатҳ этилмаган эди. Ҳумоюн 1556 йилнинг 24 январь куни 49 ёшида вафот этади. Тарихий манбаларда ёзилишича, у кечки пайт ўз кутубхонасидан тушиб келаётганида қоқилиб, зинапоядан йиқилиб, ҳалок бўлган. Унинг ўрнини эгаллаган Акбаршоҳ Ҳиндистонда бобоси Заҳириддин Бобур ниятларини амалга оширади. У Ҳиндистон тахтига ўтириши биланоқ давлатни кенгайтиришга ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Ҳиндистон Акбаршоҳ даврида марказлашган йирик давлатга айланган. Шу зайл Бобурийлар сулоласи 300 йилдан ортиқ ҳукм суради.

Гулбаданбегимнинг бу нодир асари 1555 йили воқеаси баёнида узилиб қолган. Гулбаданбегим узоқ умр кўрган. Ҳумоюн подшоҳ вафотидан кейин Акбаршоҳ саройида яшаган, унинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган. 80 ёшида Аграда вафот этади.

“Ҳумоюннома”нинг ижтимоий фанлар тарихини ўрганишда ҳам аҳамияти катта. Гулбаданбегимнинг ўзбек халқи тарихи олдидаги энг улкан ҳиссаси, биринчи навбатда, XV-XVI аср Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон тарихида темурийлар саройининг ички қисмида содир бўлган воқеалар, ўзига хос қарама-қаршиликларни аёл кўзи, дунёқараши, олами ва нигоҳи, сиёсий, иқтисодий ҳолатга Шарқ тарихчиси сифатида қараганлиги билан жуда муҳим. “Ҳумоюннома” темурийлар хонадонига мансуб Шарқда ягона тарихчи аёлнинг асари бўлгани учун эмас, биринчи навбатда XVI аср тарихи, маданияти, археологияси, этнография ва адабиёти, турли халқлар урф-одати ҳақида ўта ноёб маълумот берувчи нодир манба сифатида ғоят қимматлидир.

Ўтан Тўхтамишев,

СамИСИ доценти т.ф.н.

Шовқиддин Абдурашидов,

СамИСИ ўқитувчиси.