Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги янги очилган заргарлик корхонаси фаолияти билан танишди

Яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ишга туширилган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамият ана шу имкониятлар натижаларидан бири.

Давлатимиз раҳбари бугун ушбу корхона фаолияти билан танишди.

Қиймати қарийб 21 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган. Италия, Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишга 400 дан ортиқ моҳир заргар жалб қилинган. Италиялик дизайнер ва техник ходимлар уларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.

Собиқ «ФОНОН» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида очилган ушбу ширкат маҳсулотлари замонавийлиги, сифати ва нафислиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда уларнинг харидори кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ташкил этилган. Маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

- Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бизнинг мақсадимиз - ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор.

Корхона хомашёни мамлакатимизнинг тоғ-кон саноати комбинатларидан биржа савдолари орқали олади. Бу маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратади. Завод уларга ярим тайёр маҳсулотлар етказиб беради.

Таъкидлаш лозимки, заргарлик маҳсулотлари бутун дунёда харидоргир. Ушбу тармоқда жаҳон бўйлаб ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5-6 фоизга ўсаётгани, товар айланмаси 250 миллиард доллардан ошаётгани бу соҳада улкан бозор борлигини кўрсатади.