Шаввол ойининг рўзаси қачон ва қандай тутилади?

«Шаввол ойининг рўзасини қачондан бошлаб тутиш керак? Унинг ҳукми қандай ҳамда саҳарлик ва ифторлик қачон қилинади?».

Бугунги кунда кўпчилик мана шундай саволларга жавоб излаяпти.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон рўзаси ўн ой рўзага тўғри келса, Шавволнинг олти куни икки ойга тўғри келади, натижада бу бир йил рўза бўлади”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Ким фитрдан кейин олти кун рўза тутса, бир йил тўла рўза бўлади”, деб зикр қилинган (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Шаввол ойининг рўзасини Шаввол ойи мобайнида исталган кунларда тутишингиз мумкин, бироқ солиҳ амалларнинг яхшиси тезроқ бажариладиганларидир. Шунинг учун Ҳайитнинг 3-кунидан бошлаб тутиш мумкин. Ҳайитнинг эртасидан тутса ҳам бўлади. Мазкур кунлардаги рўзани Шаввол ойининг хоҳ аввалида, хоҳ ўртасида хоҳ охирида узлуксиз тутиш мумкин. Ёки Шаввол ойи давомида кун оралатиб тутиш ҳам дурустдир.

Бирор кишида Рамазон рўзасининг қазоси бўлса, аввал қазо рўза тутилади. Чунки Рамазон рўзаси фарз. Шаввол ойи рўзасининг ҳукми — нафл.

Саҳарлик бомдод вақтининг кириш вақтидир. Ифторни эса шом намози вақти кириши билан қилинади.