Шайбоний маликанинг мадрасаси қаерда?

Шайбонийхоннинг XVI аср бошидаги ҳукмронлик йиллари Самарқанд шаҳри билан боғлиқ бўлиб, бу даврда бир қатор бунёдкорлик ишлари олиб борилган, турли иншоотлар қурилган. Шулардан бири қурилиши 1505 йилда бошланган муҳташам мадраса биноси эди. Халқ орасида бу мадраса “Мадрасаи Олияи хония” - хонга тегишли катта мадраса, деб юритилган. Бироқ Шайбонийхон мадраса қурилиши тугамай, 1510 йил 10 декабрда шоҳ Исмоил Сафавий билан Марв ёнидаги жангда ҳалок бўлади.

Муҳаммад Шайбонийхоннинг ўлими билан боғлиқ воқеада унинг хотинларидан бири Ойша Султон хонимнинг иштироки хусусида манбаларда қисман маълумотлар келтирилган. Мўғул маликаларидан бўлган бу олий насаб аёл кўпроқ Мўғул хоним номи билан маълум бўлган. Муҳаммад Шайбонийхоннинг ўлимидан сал олдин давлат аъёнларининг машваратида шоҳ Исмоил Сафавийнинг айёрона чекинган қизилбошлар қўшини билан жанг қилиш учун Марвга юриш қилиш қанчалик маъқул деган савол муҳокама қилинган. Ўзбек амирлари Мовароуннаҳрга қўшимча ҳарбий кучлар етиб келишини икки-уч кун кутиш керак, деган фикр билдирадилар. Бироқ “Тарихи Рашидий” асарининг муаллифи Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг берган маълумотига кўра, Мўғул хоним бу масалаларга аралашиб, модомики Шайбонийхон Эрон шоҳига, уни жангга чорлаб, икки марта мактуб йўллаган экан, Исмоил Сафавий узоқ йўл босиб, яқин келганида, унга қарши чиқмаслик виждонсизлик бўлади, шундай экан, юракка қўрқувни яқин келтирмай, жанг майдонига йўл олиш керак, деб даъват қилган. Мўғул хонимнинг бу гапларидан сўнг ҳамма тўпланганлар изза бўлади ва қўшинлар ўзларининг мағлубиятлари ва хонларининг ўлими билан якунланган жангга отланадилар.

Табиийки, Муҳаммад Шайбонийхоннинг фаолиятини унинг кейинги авлодлари давом эттирган. Ундан уч ўғил фарзанд қолган бўлиб, катта ўғли Темур Султон отаси томонидан Самарқандда олиб борилган бунёдкорлик ишларини давом эттирган. Аммо отасининг вафотидан тўрт йил ўтиб, у ҳам вафот этган ва мадраса қурилиши яна тўхтаб қолган. Шайбонийхоннинг иккинчи ўғли Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг опаси Хонзода бегимдан туғилган Хуррам Мирзо бўлиб, у ёшлик пайтида вафот этган. Учинчи ўғли Севинч Муҳаммад (асли исми Абулхайр) отаси ҳалок бўлганда, ёш қолганлиги туфайли, Шайбонийхон авлодларидан Убайдуллахон қўлида тарбияланган.

Шайбонийхоннинг бунёдкорлик ишларини кейинчалик унинг катта ўғли Темур Султондан қолган Пўлод Султон давом эттиради. Бу ишда унга онаси Меҳр Султон хоним ёрдам берди ва улар биргаликда бобоси ва отаси даврида қурила бошлаган мадрасани охирига етказадилар.

Меҳр Султон хоним Шайбонийхоннинг тўнғич ўғли Муҳаммад Темур Султоннинг хотинларидан бири бўлган. Унинг отаси Бурундуқхон ўша йиллари кўнгилли қўшинларнинг бошлиқларидан бири ҳисобланган. Муҳаммад Шайбоний билан Сирдарё бўйи шаҳарлари учун бўлган жангда бир неча марта тўқнаш келган. Шайбонийхон билан тўқнашувлардан бирида навбатдаги мағлубиятга учраган Бурундуқхон у билан ёвгарчилик қилиш бефойда эканлигини тушуниб, бошқача йўл тутган, яъни қизини Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султонга никоҳлаб беради. Меҳр Султон хоним кейинчалик Темур Султоннинг суюкли хотинларидан бирига айланади.

Малика чала қолган мадрасани битказиш билан бир қаторда, ўзи ҳам шу мадрасанинг шимолий қисмида ажойиб бир мадраса барпо этади ва икки мадрасани бир-бирига туташтиради. Шу боис бу мадрасалар халқ орасида “қўш мадраса” ёки “мадрасаи хуржун” деб номланган. Қўш мадрасанинг кириш эшиги устидаги иккинчи қаватда ноёб китоблар тўпланган кутубхона ҳам бўлган.

Мадраса икки алоҳида иншоотдан иборат бўлиб, ўз даврида катта воқеа бўлган. Бу ҳақда шоирлардан бири: “Бу қўш мадраса ўз маҳобати билан Миср эҳромларига (пирамидаларга) ўхшайди… Гўё эгизаклар сингари киши қалбини қувонтиради… Мисли гўзалларнинг икки яноғидек. Бу мадрасалар Самарқанд шоҳлигини безайди ва хизмат қилади”, дея таъриф беради.

Меҳр Султон хоним мадраса биноси ва ундаги таълим жараёнини назорат қилибгина қолмай, моддий таъминотига ҳам катта эътибор қаратган. Бу ҳақда атрофлича маълумот берувчи манба Меҳр Султон амри билан тузилган ва бизгача етиб келган вақф ҳужжатидир. Бу ҳужжат тарихчи олима Р.Муқимова томонидан илмий жиҳатдан ўрганилган ва матбуотда эълон қилинган. Аслида вақфномага киритилган жуда катта мулк Муҳаммад Темур Султон томонидан Самарқанд вилоятида тартиб ўрнатиш асносида тўпланган эди.

Шунингдек, ўша даврда мамлакатнинг янги ҳукумдори Суюнч Хўжахон (1510-йил) томонидан Кеш, Насаф, Ҳисор ва Амударё қирғоқларига қадар бўлган ҳудудлар Муҳаммад Темур Султон ихтиёрига топширилади. Бу ҳудудлардан тўпланган катта мулклар ҳам унинг вафотидан сўнг Меҳр Султон бегим томонидан вақфномага киритилади.

“Вақфномаи ҳазрати Шайбонийхон” деб номланган ушбу ҳужжатнинг бизга қадар иккита қўлёзма нусхаси етиб келган бўлиб, улардан бири Санкт-Петербург, иккинчиси эса Тошкент нусхалари, деб юритилади. Вақфноманинг тузилиш санаси кўрсатилмаган, фақат бир ўринда Муҳаммад Темур Султоннинг вафот этган санаси (1514 йил 14 март) келтирилганлигини инобатга олсак, ҳужжат унинг вафотидан сўнг тахминан XVI асрнинг 20-йилларида тузилгани маълум бўлади. Вақфнома ўрта асрларда Ўрта Осиёда қабул қилинган анъанавий услубда битилган.

“Вақфномаи ҳазрати Шайбонийхон”нинг Санкт-Петербург нусхаси ўша даврда Самарқандда фаолият олиб борган қозиларнинг имзоси ва бешта муҳри билан тасдиқланган.

“Вақфнома”да ва ўша давр тарихий манбаларида Меҳр Султон хоним юксак мартабали сарой маликаларига бериладиган “Маҳди улё” унвони билан ҳам аталган. Шунингдек, уни Меҳрибон хоним, Меҳри хоним деб ҳам аташган.

Ҳужжатда айтилишича, мадраса Самарқанд Чорсуси ёнида жойлашган Бобо Худойдод маҳалласи ҳудудида (ҳозирги Регистон майдонининг шимолида Сиёб бозори томон борадиган йўлнинг чап томонида) жойлашган. Унда масжид ва алоҳида кутубхона ҳам бўлган. Ҳар иккала мадраса 60 тадан толиби илмнинг сабоқ олишига мўлжалланган.

Ҳар 30 нафар талаба учун биттадан мударрис тайинланган ва шунга боғлиқ муъид, мусдир ва бошқа ходимлар бўлган. Шунинг баробарида Қуръони каримни ўқиш бўйича алоҳида мударрис тайинланган. XVII асрнинг биринчи ярмида мадрасада мударрис сифатида “Музаккир ул-асъҳоб” (Суҳбатдошлар зикри) тазкирасининг муаллифи Муҳаммад Бадеъ Малиҳо Самарқандий фаолият олиб борган. Бу инсоннинг Шайбонийхон мадрасасида фаолият олиб бориши бу ерда адабиёт, шеърият назарияси, илми арузнинг мукаммал ўрганилганлигидан далолат беради. Мадрасада фаолият олиб борган мударрислар ҳақида сўз борар экан, Зайниддин Восифий “Шайбонийхоннинг Самарқанд Чорсусида бино қилинган мадрасасига тўртта мударрис тайинланган эди. Шулардан бири Мавлоно Ҳожагийдир. Иккинчиси Тиллакори мадрасасининг таниқли мударриси Абу Саид Мулло Абдураҳмондир”, деб ёзади.

Кўринадики, бу мадрасада Улуғбек томонидан  XV асрда қурилган мадрасанинг биринчи мударрисларининг авлодлари бўлмиш олимлар талабаларга дарс берган. Малумотларга кўра, талабаларга таълим бериш барча машҳур мадрасалар тартиб-қоидаларига монанд тарзда олиб борилган: улар паст, ўрта ва олий гуруҳларга ажратилган, ҳар бир гуруҳда 20 нафар талаба бўлиб, уларнинг молиявий таъминоти бир-биридан фарқ қилган. Паст гуруҳ талабаларига йилига 3000 динор ва 300 ман ошлик (арпа, буғдой), ўрта гуруҳ талабаларига 3600 динор, 450 ман ошлик, олий гуруҳ талабаларига 5400 динор ва 600 ман ошлик белгиланган.

Шайбонийхон ва Меҳри Султон хоним мадрасаси Шайбонийлар даҳмаси вазифасини ҳам ўтаган. 1510 йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан кечган жангда ҳалок бўлган Шайбонийхоннинг бошсиз танаси ҳам келтирилиб, шу мадраса сатҳидаги даҳмага қўйилган. Бу даҳмада Шайбонийхон сулоласига мансуб яна ўндан ортиқ султон ва маликалар дафн этилган. Улар орасида Меҳр Султон хоним, унинг эри ва бир қанча қариндошлари ҳам бор.

Тарихий манбаларда айтилишича, XVII асрнинг охири XVIII асрнинг бошларида Самарқанддаги бир қатор меъморий обидалар ўзаро урушлар ёки қаровсизлик туфайли вайрон бўла бошлаган. Шу сабабли тахминан 1637-1638 йилларда мадраса бир неча марта таъмирланган ва иншоотга янги ўзгартиришлар киритилган.

XVII асрга келиб мадраса харобага айланган, ўша давр ҳукмдорларидан Шоҳмурод (1785-1800) мадрасани қайта таъмирлашга фармон беради. Бу таъмирлаш ишларидан сўнг ҳам у дастлабки салобати, муҳташам кўринишини йўқотади. Кейинчалик, 1874 йилга келиб йўл қурилиши сабабли мадрасанинг бир қисми бузиб ташланади.

Мадраса ХХ асрнинг бошларигача сақланган ва қисман фаолият олиб борган. Аммо ҳозирги кунда бу қўш мадрасадан ном-нишон қолмаган.

Маҳкамой Турсунова,

Самарқанд давлат университети профессори.