Шифохоналарда туғруқ ўринларини кўпайтириш, тез тиббий ёрдамда чақирувга етиб бориш вақтини қисқартириш белгилаб олинди
Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида Президент раислигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Бирламчи бўғинни маҳаллагача тушириш бўйича бошлаган ислоҳотлар самарасини ошириш лозимлиги қайд этилиб, оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш ишларини жадаллаштириш топширилди.
“Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда 191 нафар шифокор иш бошлади. Яна 171 та бўш ўринни тўлдириш вазифаси қўйилди.
Шифохоналарда туғруқ ўринларини кўпайтириш, республика бўйича 46 та туманлараро перинатал марказни ташкил этиш ишларини тезлаштириш топширилди.
Тез тиббий ёрдамда чақирувга етиб бориш вақти 3 баробарга, харажатлар 25 фоизга қисқаришига қаратилган Президент қарорларининг ижроси устидан назоратни кучайтиришга кўрсатма берилди.
Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳокимлар, соҳага масъуллар ва ихтисослашган марказлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. Улар йил якунига қадар ва келгуси йил учун режаларини ҳам батафсил тушунтирди.