Шогирдлар қалбидан жой олган устоз

Мамлакатимиз таълим тизимига муносиб ҳисса қўшган инсонларни ёдга олиш инсоний бурчимиз. Ана шундай меҳнат фидойиларидан бири – профессор Ҳасан Бегматов эди.
Ҳасан Бегматов 1930 йил Каттақўрғон туманининг Қўйбоқар қишлоғида, деҳқон оиласида туғилган. Уч ёшида отасидан эрта етим қолган, ҳаётнинг қийинчиликларини бошидан кечирган Ҳ.Бегматов 1944 йил Иштихон туманининг Ўпка қишлоғида тўлиқсиз ўрта мактабни битириб, шу йили Каттақўрғон педагогика билим юртига ўқишга кирди. 1947 йили мазкур ўқув юртини аъло баҳолар билан тамомлади.
Билимга чанқоқ Ҳасан Бегматов 1947 йилнинг август ойида Самарқанд давлат университетига ўқишга кириш ниятида келади. Аммо бу пайтга келиб имтиҳонлар тугаб кетган эди. Аммо бахтли тасодиф уни университет ректори Мусо Мўминовга рўпара қилади. Ректор юпун кийинган, соддагина, кўзлари жовдираб турган болани секин гапга солиб, ундаги фавқулодда ўткир зеҳн, қобилият борлигини сезади. Бир соат давом этган суҳбатдан кейин ректор Мусо Мўминов истисно тариқасида тарих факультетининг профессор-ўқитувчиларига тўртта фандан имтиҳон олиш тўғрисида бўйруқ беради. Шу тариқа СамДУнинг тарих факультети талабасига айланган Ҳасан Бегматов бутун ҳаёти давомида тақдирнинг ўша иноятини, яъни ректорнинг ишончини оқлашга сафарбар этди. Унинг кейинги ҳаёт йўли ушбу фикримизни исботлайди.
Ҳасан Бегматов 1952-1953 йилларда Москва давлат университети қошидаги ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш марказида бир йиллик курсни битириб, Самарқанд кооператив институтида дастлаб катта ўқитувчи, кейинчалик эса доцент лавозимида фаолият кўрсатди.
1960 йилда Самарқанд давлат университетига қайтиб, умрининг охиригача шу даргоҳда ишлади. 1963 йилда СамДУнинг аспирантурасига кириб, шу йилнинг ўзида илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Орадан йигирма йил ўтгач, 1983 йили докторлик диссертациясини ёқлади.
1988-1990 йилларда Х.Бегматов ташаббуси билан мамлакатимизда биринчи бўлиб Самарқанд давлат университетида “Культурология ва миллатлараро муносабатлар назарияси” кафедраси ташкил қилинди.
1994 йили Х.Бегматов томонидан “Культурология дарси” буйича дастур ҳамда “Культурология – жаҳон умуминсоний цивилизация илми” деб номланган (олий ўқув юртлари учун) қўлланма чоп этилди.
Ҳасан Бегматов иккиюзламачилик, хушомадгўйликни ёқтирмас, талабаларни бошга қилич келса ҳам доим ростгўй бўлишга, тўғри гапиришга, давлатга, кишилар ҳақига хиёнат қилмасликка, фақат ўзи учун эмас, балки жамият учун, инсонлар учун нафи тегишига чақирарди. Олим доим ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилишни ёқтирарди.
Олимнинг ҳаётда яхши из қолдиргани унинг фарзандлари фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Ҳасан Бегматовнинг уч ўғли ҳам ота изидан бориб, заҳматли илм йўлини танлаган. Катта ўғли Илҳомжон Москва давлат университетида масофавий таълим бўлим мудири лавозимида ишлаб келмоқда. Акбар Ҳасанович Новосибирск давлат университети профессори. Домланинг ўн битта невараси ва иккита чевараси у кишининг руҳларини доимо шод қилиб, халқимизга хизмат қилмоқда. Турмуш ўртоғи тарихчи, доцент Салима Жўраевна ҳозир 83 ёшда. 60 йил Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида меҳнат қилган.
Домланинг ишлари фарзандлари, неваралари, шогирдларида давом этмоқда. Бу у киши ёққан яхшилик чироғи яна кўп йиллар давомида нур сочиб, инсонларнинг эзгу йўлларини ёритиб туради.
Бахтиёр ЭРГАШЕВ,
профессор.