Шпаргалкадан фойдаланган ўқувчи олимпиададан четлатилди
Аввал хабар қилганимиздек, умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадасининг вилоят босқичи якунига етди.
Умумтаълим фанлари бўйича икки кун давом этган беллашувда ёшларнинг билими ёзма иш ва тест синовлари орқали аниқланди.
– Олимпиадада 434 нафар йигит-қиз иштирок этиши керак эди, аммо уларнинг 10 нафари синовларда қатнашмади, – дейди Халқ таълим вазирлиги республика таълим марказининг аттестация ва аккредитация бўлими бошлиғи, вилоят олимпиадасига масъул Алижон Шомуродов. – Жумладан, бир нафар ўқувчи шпаргалкадан фойдалангани учун имтиҳондан четлатилган бўлса, қолганлари соғлиғи ва бошқа сабабларга кўра, синовларда иштирок этишдан бош тортди. Олимпиадада иштирок этмаган ўқувчилар қайта имтиҳон топшириш ҳуқуқига эга эмас. Таъкидлаш ўринлики, синовлар холисона ҳамда шаффофлик билан ўтяпти ва уларнинг натижалари шу куннинг ўзидаёқ эълон қилинмоқда.
Ўқувчиларнинг ишлари олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда ўрта махсус ва умумий ўрта таълим мактабларининг тажрибали ўқитувчилари томонидан баҳоланди. Танлов натижаларига кўра, вилоятимиздан 45 нафар ўқувчи юқори балл тўплаб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
Дарвоқе, умумий ўрта таълим мактабларининг 10-синф ўқувчилари бугун ёзма иш топширган бўлса, эрта улар тест синовларида қатнашади. 9-синф ўқувчиларини 26-27 март кунлари синовдан ўтказиш режалаштирилган.