Ўқувчи-ёшлар ўз ҳақ- ҳуқуқлари борасида тушунчага эга бўлишди

Самарқанд шаҳридаги заиф эшитувчи болалар учун ихтисослашган 61-сон мактаб-интернатида семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Карлар жамияти вилоят бўлими, Самарқанд шаҳар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кар ва заиф эшитувчи) болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат вакиллари иштирок этди.

- Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ўқувчи-ёшлар онгида ижтимоий давлат – сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, оналик ва болалик, қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам беришга каратилган самарали сиёсат олиб борадиган давлат модели эканлигини англатишдан иборат, - дейди Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раиси Лочин Эрназаров. – Шунингдек, уларнинг меҳнати ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ногиронлар ва кексаларга ёрдам беришни таъминлаш, давлат пенсиялари, нафақалари ва ижтимоий ҳимоянинг бошқа турларини кафолатлаш мажбуриятига эга эканлигини билишлари лозим.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон карлар жамияти вилоят бўлими раҳбари Дилшод Туйғунов инклюзив таълим бўйича, хусусан, унинг мақсади, асосий элементлари ва тамойиллари ҳақида тушунча бериб ўтди. 

Семинар якунида тадбир модераторлари ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари саволларига жавоб берди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.