Пайариқда 17 нафар ўқувчиси талаба бўлган ўқитувчи бор

Бундай натижа ҳар қандай кишини ғурурлантириши табиий. Буни эшитган киши беихтиёр “Яшанг домла, барака топинг!” деб юборади. Ахир 29 битирувчидан 17 нафари талабаликка қабул қилиниши катта гап-да.

Бундай ўқитувчи ким экан, деб қизиқаётган бўлишингиз мумкин. У Пайариқ туманидаги 75-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари, тарих фани ўқитувчиси Жаҳонгир Рўзиев. Бугун унинг бундай ютуқларини туман халқ таълими бўлими маъмурияти эътироф этиб, “қизил” тоифага тушиб қолган 82-мактабга директор этиб тайинлади.

- Бугун давлатимиз раҳбари таълим тизимига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратди, - дейди Ж.Рўзиев.- Ўқийман, изланаман деган кишига барча шароитлар яратиб берилди. Бундан биз, ўқитувчилар фақат ғурурланишимиз керак. Шунга яраша масъулиятни ҳис қилиш лозим. Бўлди энди “Бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар” қабилида иш тутиш.

Иш фаолиятим хусусида гапирадиган бўлсам, 2017 йилда 71-мактаб қаршисидан “Илм гавҳари” ўқув марказини ташкил этдим. Марказда она тили ва адабиёт, инглиз тили, математика, физика, тарих, рус тили, ментал арифметика каби тайёрлов курслари бор. 2020 йилда 29 нафар ўқувчимдан 17 нафари талабаликка қабул қилинди. Шундан 9 нафари давлант гранти асосида.

Ҳозирги кунда 82-мактабда ҳам ушбу марказ ўқитувчилари билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. 38 нафар битирувчи билан жиддий ишлаяпмиз. Насиб бўлса камида 90 фоизлик натижа бўлади.

Ҳусниддин Холдоров.