Синовли кунларни меҳнати билан енгаётганлар
70 ёшни қаршилаётган Қундуз момо Худоёрова ҳали ҳам ёшлигидан меҳри инган, қўлларини қабартган гилам тўқиш билан машғул. Илк гиламни 10 ёшида икки ой давомида тўқиган Қундуз момо бугун ҳам ҳунарини невараларига, шогирдларига ўргатишдан чарчамайди. Йўқолиб кетаётган миллий ҳунармандчилигимизнинг ушбу турини янада ривожлантирсам, дейди.
- Нурободнинг асосий аҳолиси чорвачилик билан шуғулланади, - дейди Қундуз момо. – Ҳудудимиз қир-адирлардан иборат. Ҳар бир қишлоқ оралиғи олис. Шунгами аёлларимиз имкониятдан келиб чиқиб рўзғорларини бут қилган. Эсимни танибманки, онам ва қўшни аёлларнинг асосий машғулоти қўйлардан мавсумда икки бор олинадиган жунларни титиш, уларга ишлов бериб, йигиришдан, калава қилишдан, ранглаб, турли рўзғор буюмлари тикишдан иборат эди. Аёлларимиз жундан қотма ва тақир гилам, хуржун, кигиз тўқиган. Шунгами 10 ёшимда мустақил, илк қотма гиламни тўқиганман. Олдинлари ҳар бир хонадонда гилам тўқиш дўконлари бўларди. Ҳозир гилам тўқийдиган қизларни топиш қийин. Тўғри, бу ҳунарнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари, заҳмати бор. Дастлаб жунни тозалаш, ювиш, йигириш, бўяш, ишлов бериш , яъни битта гилам тўқиш учун 13 босқичли жараённи босиб ўтиш лозим. Битта гиламни 3 нафар қиз бир ҳафтада, бир киши бир ойда тўқийди. Бу қизларимизнинг сабрини, дидини шакллантириб, санъатга, меҳнатга ошно қилган.
Бугун барча хонадонларимизни замонавий гиламлар эгаллаётган бўлса-да, ҳамон қўл меҳнати ила тўқилаётган маҳсулотлар харидоргир. Лекин бу харидорлар асосан чет эллик сайёҳлар. Нега?
- Тўқилган гиламлар табиийлиги, ҳаво ўтказувчанлиги билан ҳам инсон организмига фойдали экан, - дейди ҳунарманд момо. – Қишда иссиқ, ёзда салқин сақлайди. Ипидан тортиб рангларигача табиий. Бугун асосий харидорларимиз чет элликлар. Ҳар бир гиламнинг мустаҳкамлиги фойдаланилган жунга ҳам боғлиқ. Мисол учун, қора қўйники, иссиқ бўлса, араби, ҳисор қўйники йигирувчан, нафис бўлади. Жуннинг кузда олингани сифатини тез йўқотса, баҳорда олинган жун мустаҳкам бўлиб, юз йиллаб хизмат қилади.
Ҳозир карантин даврида неварамга холигилам тўқишни ўргатяпман. Бу гилам бир метрга 80 сантиметр атрофида бўлиб, 6 ой давомида тўқилади. Гиламнинг нусхаси танлангач, эътибор билан тўқиш талаб этилади. Агар озгина хато қилса ҳам гул нусхаси нуқсонли бўлади.
Холигиламни жун ва ипакдан тўқиш мумкин. Ҳозир неварам ҳам уйда ўтирганидан фойдаланиб, гилам тўқишнинг сир-асрорларини мукаммал ўргатаяпман.
Бугун Нурободда миллий ҳунармандчилигимизнинг 10 дан ортиқ йўналишларида фаолият юритаётган ҳунармандлар кўп. Улар уйда қолиб ўз меҳнати билан касалликни енгишга бел боғлаганлар.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.