Сиёсий партиялар сайловда иштирок этиш учун қанча имзо тўплади?

Амалдаги қонунчиликка кўра, депутатликка номзод кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

- сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотнома;

- имзо варақалари.

Имзолар қандай ва қачон тўпланади?

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.

Белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.

Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.

Қандай?

Сайлов кодексининг 38-моддасида сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли эканлиги белгиланган.

"Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши имзо тўплаш ишларини якунлади. Партия матбуот хизматининг маълум қилишича, Самарқанд вилоятидан 3400 та имзо тўпланиб, тегишли тартибда топширилган.

"Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши 3400 та имзо тўплашни 3 октябрь санаси билан якунлайди. Бугунгача тўпланган имзолар партия фаоллари томонидан қайта кўздан кечирилмоқда.

Халқ демократик партиясининг вилоят кенгаши 3200 та имзо тўплашни режалаштирган ва ўтган даврда 1800 нафар хайрихоҳларнинг имзолари йиғилган. Партия матбуот хизматининг маълумотига кўра, жараённи 6 октябргача якунлаш режалаштирилган.

Энг катта тақсимот берилган Ўз­бекистон Либерал-демократик пар­тияси вилоят кенгаши 3800 та имзо тўплаб топшириш борасида фаол иш олиб бормоқда.

Имзолар тўғри тўпланганми?

Сайлов кодексининг 39-моддасига кўра, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Аввалги қонунчиликда бу муддат етти кун эди.

Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади. Агар қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади.