“Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?”

13-14 март кунлари Самарқанд шаҳрида мактаб жамоалари ўртасида ана шу номдаги кўрик-танловнинг республика босқичи бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун журналист ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбир экология вазирлиги, Бош прокуратура, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, жорий йилдан анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиш режалаштирилган. Ушбу кўрик-танлов республика босқичига чиққунига қадар тўрт босқичда бўлиб, унда 80 мингга яқин ёшлар қатнашган.
Энг билимли ва фаол жамоалардан таркиб топган 140 нафар ўқувчи тадбирнинг республика босқичида иштирок этади. Иштирокчилар 5 шарт, яъни “Бизнинг ҳудуд”, “Интеллектуал ринг”, “Экология учун барчамиз масъулмиз”, “Энг яхши экологик лойиҳа” шартлари бўйича беллашади.
- Мен ўзимни экофаол деб биламан, - деди матбуот анжуманида иштирок этган таниқли актриса Фотима Режаметова. – Касбим бошқа бўлса ҳам, бундай масъулиятли тадбирда ҳайъат аъзоси тариқасида қатнашаётганимдан хурсандман. Ўйлайманки, ёшларимиз ушбу тадбир орқали табиатни кўз қорачиғидек асрашни янада яхши билиб олади.
Дарҳақиқат, “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини қимматбаҳо совғалар кутмоқда. Шунингдек, улар шаҳримизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳат қилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.