Сиз коррупцияга қарши қандай курашяпсиз?

Коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупция омилларига чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Президентимиз жорий йил 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида ҳам юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилиб, келгуси вазифалар белгиланди.

Коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдиддир. У барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги режаларга ҳам жиддий путур етказади.

Ҳозирда судлар томонидан ишларни ҳал этиш жараёнида ҳар қандай коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва барҳам бериш, аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупциявий ҳолатлар аниқланган тақдирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш тартиби йўлга қўйилган.

Масалан, ўтган йил жиноят судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида белгиланган бошқарув тартибига қарши 456 та жиноят иши 678 нафар шахсга нисбатан кўрилган.

Шундан, 70 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси, 335 нафар шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 67 нафар шахсга нисбатан озодликни чеклаш жазоси, 84 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишига олиб келади. “Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати“ деган ғоя асосида сайёр суд мажлисларида, аҳоли билан бўлган учрашувларда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида вилоят судининг судья ва суд ходимлари томонидан тизимли равишда кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Коррупциядан холи қонун устуворлиги таъминланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Зеро, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг бурчидир.

Илҳом Қорабоев,

Самарқанд вилоят суди малака ҳайъати раиси.