«Сизни қўлларингиздан танидим»: Булунғур тумани ҳокими байрам арафасида аҳоли хонадонларида бўлди
Халқимизда байрам кунлари яқинларни йўқлаш каби эзгу анъана бор. Булунғур туманида ҳам яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 31 йиллиги олдидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз ва кексалар ҳолидан хабар олинмоқда.
Ана шундай лойиҳалардан навбатдагиси Бешкуви ва Гулобод маҳаллаларида ташкил этилди. Туман ҳокимлиги ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган лойиҳа доирасида туман ҳокими Самандар Астонов ва кенг жамоатчилик вакиллари ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар парваришига муҳтож юртдошларимиз, шунингдек 100 ёшдан ошган кекса онахонлар ҳолидан хабар олди.
Туман ҳокими Бешкуви маҳалласида 1913 йилда туғилган Рухсат момо ҳамда Гулобод маҳалласида 1921 йилда туғилган Тошбуви момо билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашди.
- Ҳали ҳам ёстиққа суянмайман, одамни дангаса қилади, - дейди Рухсат момо. Онахон шу кунларда ёнғоқни пўстлоғидан ажратиш билан банд экан. Буни у кишининг бармоқларига ўрнаган рангдан пайқаш мумкин. "Ҳарна бармоқларимга машқ бўлади, бекор ўтиргандан нима фойда", дейди онахон суҳбат давомида.
Тошбуви она эса туман ҳокими билан суҳбатлашар экан, «Яқинда ҳам келгандингиз-а, ўғлим», дедилар. Дарҳақиқат, С.Астонов 8 март байрами арафасида ушбу хонадонда бўлган эди.
– Сизни қўлларингиздан танидим, ўғлимнинг қўлига ўхшайди, - дея қўшимча қилди Тошбуви момо.
Онахонлар суҳбат давомида юртимиз тинчлиги, ватанимиз равнақини тилар экан, мустақиллигимиз абадий бўлишини сўраб дуога қўл очди.