Скрининг марказида нафақат жисмоний, балки наслий нуқсонлар ҳам аниқланяпти

Она ва бола скрининг марказига Жиззахдан келган аёл шифокорнинг сўзларидан сўнг, яна бир карра чўкиб қолди. «Наҳотки рост бўлса…» Аёл Жиззахда скрининг текширувидан ўтганда ҳам шифокорлар шу фикрни айтишганди, аммо уларга ишонмай Самарқандга келди. Улар ҳам сўзма-сўз ҳамкасбларининг маълумотини тасдиқлашди: «ҳомилада бош мия қисми йўқ… Ҳомиладорликни тўхтатиш тавсия этилади...»

Хавф гуруҳидаги оналар кимлар?

Самарқанд вилоят она ва бола скрининг марказига кириб борарканман, бу ерда олдинги йиллардагидек катта навбатлар йўқлиги эътиборимни тортди. Ҳар бир мутахассис эшиги ёнида 4-5 нафар бўлғуси оналар навбат кутмоқда.

– Олдинги йилларда битта скрининг маркази бутун вилоят аҳлига хизмат кўрсатарди, оналарни қабул қилишда навбат кўпайиб кетар, ноқулайликлар бўларди, - дейди Самарқанд вилоят она ва бола скрининг маркази директори Ҳусаин Бўриев. – Ҳозирда барча туман ва шаҳарлардаги тиббиёт бўлимларида перинатал диагностика хоналари ташкил қилинган. Ушбу хоналар замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бирламчи, иккиламчи, учинчи текширувлар ҳудудларнинг ўзида амалга оширилади. Шифокор ва ҳамшираларнинг барчаси шу йўналишда малака оширган. Фақатгина хавф гуруҳидаги аёллар текширув учун вилоят она ва бола скрининг марказига келади. Ушбу гуруҳга 18 ёшгача ёки 35 ёшдан юқори бўлган, қариндошлар ўртасидаги никоҳдаги, фарзандлари орасида ногиронлиги, ҳомиласи нобуд бўлган оналар киради.

Йил бошидан буён 27 минг нафар ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказдик. Уларнинг 378 нафарида нуқсонлар аниқланиб, ҳомиладорлик тўхтатилиши тавсия этилди.

Нуқсон ҳақида айтсак, ишонишмайди…

– Марказда юздан ортиқ нуқсонларни аниқлаб, бу ҳақда бўлғуси оналарни хабардор қилиш имкони бор, - дейди марказ шифокори Миртаълим Пардаев. – Жумладан, юрак-қон томир, таянч ҳаракати тизимларидаги нуқсонлар, қуёнлаб, бўри танглай, ортиқча аъзоларнинг мавжудлигини аниқлаш мумкин. Ушбу нуқсонларнинг барчасида ҳомиладорликни тўхтатиш тавсия этилмайди. Масалан, юракдаги баъзи хасталиклар, қуёнлаб, ортиқча аъзоларнинг мавжудлиги каби мамлакатимизда ҳам даволаш имкони бор касалликлар аниқланганда бу ҳолат оналарга тушунтирилади. Аммо баъзи аёллар даволаш имкони бўлган қуёнлаб аниқланганда ҳам ҳомилани олдиришга ҳаракат қилади. Баъзи оналар эса жиддий нуқсонлар айтилганда ҳам сўзларимизга ишонишни исташмайди. Яқинда вилоятда сиам эгизаклари туғилиши билан боғлиқ ҳолат бунга яққол мисол бўла олади. Куни кеча шунга ўхшаш яна бир воқеа содир бўлди. Ультратовушли текширувдан ўтган жиззахлик ҳомиладор аёлга «ҳомиланинг бош қисми, яъни мия ривожланмаган, деярли йўқ», десак ишонмади. Ваҳоланки, ўз вилоятида ҳам мутахассислар унга буни айтишган. Аммо бизнинг гапларимиздан кейин аёл барибир иккиланиб кетди. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, биз ҳеч бир онага ҳомилани тўхтатишини мажбурлай олмаймиз. Аниқланган нуқсон ва унинг оқибатлари ҳақида батафсил маълумот берамиз, холос. Охирги қарорни онанинг ўзи қабул қилиши шарт.

Кейинги йилларда юракдаги нуқсонлар ҳам ота-онага айтиляпти, аммо уни операция йўли билан даволашнинг имкони борлиги учун бу ҳақда тушунча берилади.

Наслик касалликларни аниқлаш имкони пайдо бўлган

- Ўтган йили марказда цитогенетик лаборатория иш бошлагани учун эндиликда вилоятимизда ҳам наслий касаллик билан туғилган чақалоқларни ўз вақтида аниқлаш имкони пайдо бўлди, - дея суҳбатни давом эттиради Ҳ. Бўриев. – Ушбу лаборатория ҳудудий ҳисобланиб, Сурхондарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Чақалоқ пайти шифокорлар кўригидан ўтганда наслий касаллик белгилари кўзга ташланса, бу гўдаклардан таҳлил олиниб, текширилади. Шу йилнинг ўзида 80 нафарга яқин 14 ёшгача бўлган болалар таҳлиллари мазкур лабораторияда текширилди. Уларнинг 31 таси инкор қилинган, яъни касаллик аниқланмаган бўлиб, 20 нафарида ДАУН синдроми, 4 нафарида бошқа ирсий хасталиклар тасдиқланди.

Кейинги пайтда қариндошлари «фарзандларимиз никоҳдан ўтаяпти, уларнинг боласи ногирон туғилмасмикан, текшириб беришнинг иложи борми», деб мурожаат қилишяпти. Улардаги қон таҳлилидан у ёки бу ҳолатни аниқлаштириш мумкиндир, аммо ирсий хасталикларни тўлиқ аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун қариндошлар ўртасидаги никоҳга розилик бермаслик лозим.

Она ва бола скрининг маркази маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 8 ойида вилоятда 98 нафар гўдаклар нуқсон билан туғилган бўлса, бу йил уларнинг сони 84 нафарни ташкил қилди, 34 нафари ногирон. Дарвоқе, нуқсони бор болаларнинг барчаси ногирон дегани эмас. Нуқсон – инсоннинг нормал фаолияти учун салбий таъсир кўрсатмайдиган камчиликлар бўлса, ногиронлик инсоннинг нормал ҳаракатланиши, яшаши, фаолиятига тўсиқ бўладиган ҳолатлардир.

Умуман, ногирон фарзандлар туғилишининг олдини олишда скрининг маркази ўз функциясини бажариши баробарида бўлғуси оналарнинг, таъбир жоиз бўлса оилаларнинг келажагига таъсир ўтказувчи муассаса ҳамдир. Зеро, оиладаги бир нафар ногирон фарзанд шу оиланинг ҳам маънавий, ҳам моддий ҳаётига умр бўйи турли даражада таъсир кўрсатиб келаверади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.