Солиқ бошқармаси бошлиғи булунғурликларнинг мурожаатини тинглади

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Аловитдин Иноғамов Булунғур туманининг Қўнғирот маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди.

Унда тумандаги мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари қатнашди. Сайёр қабулда 17 нафар фуқародан 24 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар йўлни таъмирлаш, газ баллонларини ўз вақтида етказиш, эскирган электр симёғочларни алмаштириш, қўшимча трансформатор ўрнатиш ва бошқа масалалар юзасидан бўлди.

Сайёр қабулда А.Иноғамов фуқароларнинг мурожаатлари имкон қадар ижобий ҳал қилиниши ва уларга ўз вақтида жавоб қайтаришга масъулият билан ёндашиш зарурлигини қайд этди. Вилоят 4-сектори раҳбари 54-умумтаълим мактабида бўлиб, янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини ўрганди. Шунингдек, “темир дафтар”га киритилган 55 та оила ва 45 нафар ишсиз ёшларга қуриб берилаётган иссиқхоналар билан танишди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.