Солиқ органлари 15 октябргача шанба-якшанба кунлари ҳам ишлайди

Солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 15 октябрига қадар барча шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларида соат 8:00 дан кеч 20:00 гача иш ташкил қилинган. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда 12-13-октябрь (шанба-якшанба) кунлари ҳам иш куни деб белгиланган.

Шу ўринда солиқ тўловчиларга эслатиб ўтмоқчимиз. Ҳурматли солиқ тўловчилар мол-мулк ва ер солиғини 15 октябргача тўлаш лозим. Йил давомида орқага ташлаб, айнан 15 октябрь арафасида тўлашни бошлашади. Натижада инспекцияларда узундан узоқ навбатлар юзага келади. Яна шуни таъкидлаш лозимки, инспекцияга келаётган фуқаро, албатта кадастр рақамини ҳам олиб келиши зарур. Чунки солиқ дастурлари кадастр баҳосига асосан солиқ ҳисоблайди.

Вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида телеграм мессенжерида “Nalogoviye Konsultanti” гуруҳи орқали ҳам қанча солиқ тўлаш лозимлигини текшириб беришмоқда. Вақтингизни тежаш мақсадида гуруҳга мурожаат қилишингиз мумкин.

Ҳисобланган солиқларни исталган банк бўлимлари орқали ёки CLICK, U-PAY, MBANK ва PayMe тўлов тизимлари ёрдамида мобил телефон ёки интернет орқали онлайн режимда ҳам тўлашингиз мумкин.

Zarnews.uz да йўлланган мурожаатда ходимимизни оқламаган ҳолда, юзага келган вазият учун фуқаролардан узр сўраймиз.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.