Солиқ тизимида коррупциявий ҳолатларга йўл қўйилмаяптими?

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Самарқанд вилоят идоралараро комиссиясининг бу галги йиғилиши вилоят давлат солиқ бошқармасида бўлиб ўтди. Бу бежиз эмас.

Чунки тадбирда солиқ тизимида коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, касбга садоқат ва масъулият, виждон тамойиллари асосида фаолият юритиш муҳим эканлиги қайд этилди. Шунингдек, коррупция жинояти билан боғлиқ содир этилган ҳолатлар аниқ мисоллар билан таҳлил қилинди.

Унда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Самарқанд вилоят идоралараро комиссияси раиси, вилоят прокурори Р.Машарипов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими С.Маманов, вилоят ДСБ бошлиғи А.Инағомов ва бошқалар коррупция ҳамда унга сабаб бўлувчи омиллар, ушбу иллатнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирди.

Йиғилишда коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш таклиф қилинди. Хусусан, содир этилган ҳолатлар кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил қилиниши белгилаб олинди.

–   Комиссиянинг бугунги йиғилиши солиқ тизимида порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби салбий иллатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга, – деди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Ғайрат Матсапаев. – Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари тизимидаги ҳар бир ходим ўз фаолиятини тадбиркорларнинг маслаҳатчиси ва кўмакчиси тамойили асосида олиб бориши лозим. Ҳалоллик ва масъулиятни ўзига асосий мезон қилиб белгилаган ходимнинг тизимда обрўси баланд бўлади. Бу эса, ўз навбатида, тизимда коррупция бщлмаслигини таъминлайди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.