Совуқ кунларда тадбиркорлар халққа қанчалик яқин эканликларини кўрсатди

Январда бўлган совуқ кунлар ҳаммани шошириб қўйди. Совуқ об-ҳавога тайёргарлик анчагина юзаки бўлгани, етарли чоралар кўрилмаганига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик. Вилоят ҳокими томонидан кўча ва йўлакларни тозалашни ташкиллаштириш, коммуникация тизимларини тартибга олиш, ҳар бир мурожаатга тезкор чора кўриш каби тадбирлар халқ ва мутасаддиларни, раҳбарларни жипслаштирди.

12 январь куни “SXF Group” қурилиш ташкилоти раҳбари Зафар Тўраев телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрагандан сўнг: “Ўзимнинг хонадоним иссиқ, яқинларимни ҳам суриштирдим. Лекин эшитишимча, газ, электр таъминотида узилишлар бўлаётганлиги, кўмир ҳам ҳудудларга етарли олиб келинмаганлигидан ташвишдаман. Шунинг учун халқимга қўлимдан келганча ёрдам беришга қарор қилдим. Сиздан илтимос, мен ўз корхонамдан 500 миллион сўм ажратаман, шунга аҳолига зарур кўмир, иссиқ кийим, озиқ-овқат олиб, тарқатишни ташкил қилсангиз. Бошқа тадбиркорларимиз ҳам бефарқ бўлиб туришмас...” деди.

Бу ташаббусни вилоят ҳокимига етказдим. Ташкилий масалалар учун штаб тузилди, З.Тўраевнинг ташаббуси телеграмм канали орқали тадбиркорларга етказилди.

Бирин-кетин мурожаатлар кела бошлади – “SamAntepGilam - SAG” гиламчилик корхонаси тезда плед (ёпинғич) тикишга, “Nurli Kelajak Stroy Invest” қурилиш корхонаси, “Samarqand Konserva” корхонаси ўзи гўшт маҳсулотлари етказиб беришга, “Chayka Stroy Servis” қўй сўйишга киришди. “Zarafshon Tekstil” корхонаси омборидаги бор иссиқ кийимларни тарқатишга чиқарди. “Sam Ferre”, “Yasham Erkaplan Carpet” ва “Meros Pharm” корхоналари 100 миллион сўмдан, “Sam Elektro Service” корхонаси 50 миллион сўм ўтказиб берди. Келиб тушган пуллар шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига 50-100 миллион сўмдан кўмир ва бошқа зарур маҳсулотларни харид қилиш ва эҳтиёжмандларга тезкор етказиш учун кўчириб берилди.

“Ургут” ЭИЗ корхоналари Ургут тумани халқ таълими бўлими штабига 53,5 миллион сўм ўтказиб берди, “Zarafshon Tekstil” вилоят штабига 350 дона иссиқ устки кийимлар, “UrGaz Carpet” 20 минг жуфт (Ургут тумани штабига 10 минг жуфт) пайпоқлар етказган.

“Nurli Kelajak Stroy Invest” қурилиш корхонаси 650 дона картон қутиларга 2,0 тонна мол гўшти, 3 250 дона ўсимлик ёғи, 2,6 тоннадан макарон ва шакар, 1,3 тонна ун тақсимлаб, тарқатишга тайёрлаб, вилоят штабига етказди.

“SAG” корхонаси вилоят штабига 800 дона плед, 5 тонна ўсимлик ёғи, Жомбой ва Булунғур туманларига 5 тоннадан ўсимлик ёғи, Нарпай туманига 300 дона плед ва 4 тонна ёғ етказилди.

Жомбой туманидаги “Bradjus” корхонаси вилоят штабига 100,0 миллион сўмлик, Жомбой туманига 50,0 миллион сўмлик тез тайёрланадиган вермишель, қуюқлаштирилган сут (сгушенное молоко) ва сариёғ, “Jomboy Oil” корхонаси 5 325 литр ўсимлик ёғини тарқатиш учун етказди.

Бундай хайрли ишдан “Gulobod Mebel”, “Navobod Naslli Parranda”, “Siyob Shavkat Orzy”, “Agromir Group”, “Chayka Stroy Servis”, “Kattaqo’rg’on Elektrotexnika zavodi”, “Meros Pharm”, “Stekloplastik”, “Xamidov Murodjon” каби корхоналар четда турмади. Ҳар бир корхона вилоят штаби орқали 13-16 январь кунлари кўмир, ўсимлик ёғи, гўшт, ун, макарон, шакар, картошка, гуруч, пиёз, товуқ, болалар ва катталар учун иссиқ кийимлар, пайпоқ тарқатди. Бу жараён кейинчалик шаҳар ва туманларга ўтиб, тадбиркорлар эҳтиёжмандларга ёрдам бериш учун ўз имкониятларини аямади.

Албатта, тадбиркорларимизнинг аксарияти “Ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин”, деганларидек, қилинган саховатли ишларини ошкор қилмасликни сўрашган. Лекин, мен тадбиркорларимизнинг давлат ва жамиятдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг халқимиз дардлари билан яшаётгани, уларнинг оғир кунларида ёрдамга ошиқаётгани, муаммоларга бефарқ бўлмаётганини қайд этиш мақсадида мухтасаргина ёзишга қарор қилдим. Корхоналарнинг номларини кўрсатиш ўша корхоналарда меҳнат қилаётганларда қийинчиликлар билан курашишда ҳамнафаслик, ғурурни уйғотади, деб ўйлайман.

Шу ўринда, тадбиркорларимиз йиллар мобайнида қаровсиз ҳолга келиб қолган, Самарқандимиз ёши билан тенг Сиёбча каналини обод қилиш, унинг соҳил бўйларини сайилгоҳга айлантиришга ҳам киришганларини айтиб ўтмоқчиман.

Яхши ишни ҳар биримиз ҳар кун қилишимиз керак, шунда эртанги кунимиз янада фаровон бўлади.

Нозир Ибрагимов,

Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масаллари бўйича ёрдамчиси.