"Спорт тарғиботчиси”нинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама қўшилади

“Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармонига кўра 2021 йил 1 январдан:

- барча давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юкланади ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама қўшилади;

- иш вақтидан сўнг танланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) раҳбар ва барча ходимлар жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланади;

- ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади;

- биринчи раҳбарлар “Шахсий намуна” тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.