Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти Самарқанддаги спорт таълим муассасаларининг ҳолатини ўрганди

Республика бўйлаб спорт таълим муассасаларида ўрганиш ишларини олиб бораётган соҳа расмийларининг навбатдаги манзили Самарқанд вилояти бўлди.

Дастлаб спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби ўрганилди.

Мутасаддиларга вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамроҳлик қилди.

Ташриф давомида ушбу объектнинг инфратузилмаси, ёшлар учун яратилган шароитлар, машғулотлар жадвали атрофлича ўрганилди. Ўқувчи-ёшларнинг машғулоти кўздан кечирилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 1-сон спорт мактаби ҳам эътибордан четда қолмади. Шундан кейин вилоят Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази навбатдаги манзил бўлди.

Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, спорт бошқармаси ва федерацияларнинг ҳудудий вакиллари иштирокидаги йиғилиш ушбу марказда ташкил этилди. Унда мазкур марказдан яна Шарифа Давронова каби иқтидорли ёшларни тарбиялаш, бунинг учун оммавий спорт тадбирларини кўпроқ ташкил этиш каби устувор режалар хусусида фикр алмашилди.

Йиғилиш давомида 2025 йил ва яқин тўрт йил учун режалар, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик даврида терма жамоаларга жалб этилиши мумкин бўлган спортчиларни аниқлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби мавзулар ҳам кўриб чиқилди.