ССВ коронавирус аниқланган жой ва шахслар ҳақида маълумот берди. Улар орасида самарқандлик уста ва банк ходими ҳам бор
Сўнгги кунларда юртимизда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси қайд этилиш ҳолатларига эътибор қаратсак, қатор ҳудудлардаги кўплаб ташкилотларда фаолият юритувчи ходимларда касаллик қайд этилаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 14 июнь куни юртимизда коронавирус тасдиқланган 114 нафар бемордан 27 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 15 июнь санасида эса коронавирус қайд этилган 183 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида тасдиқланган. Икки кунлик маълумот, ҳам умумий касалланишда, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари динамикасида ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.
15 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳридан 25 нафар, Самарқанд вилоятидан 3 нафар, Хоразм вилоятидан 1 нафарни ташкил этган.
Шу ўринда энг кўп касаллик қайд этилган Тошкент шаҳрига тўхталиб ўтсак. Жумладан, Олмазор туманида яшовчи “Чорсу” буюм бозори сотувчисида (ишхонадан сўралгани учун профилактика мақсадида таҳлил топширган), шу туманда яшовчи яна уч нафар фуқарода: “Смарт хаус” хусусий қурилиш фирмаси дастурловчисида (ишга бориш учун таҳлил топширган), республика ихтисослаштирилган Онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказига даволанишга ётиш учун таҳлил топширган беморда ҳамда тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли шифохонага бориб таҳлил топширган фуқарода, шунингдек, Сергели тумани Хонобод маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг лойиҳа бошқарувчиси ҳамда шу тумандаги мактаб ўқувчиси (тана ҳарорати кўтарилган ва оилавий поликлиника участка шифокорига мурожаат қилган) ва унинг онасида коронавирус тасдиқланган.
Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, Тошкент кимё технологиялари институти талабасида (томоғида оғриқ бўлган, тез тиббий ёрдам хизмати орқали юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган), шу туманда яшовчи, “Орзу” фабрикаси боғбонида (тана ҳарорати кўтарилгани боис таҳлил топширган), Чилонзор туманида яшовчи фуқарода (ҳолсизлик, йўтал тўхтамаганидан кейин шифохонага бориб, таҳлил топширган), “Пойтахт” савдо мажмуаси кийим дўкони сотувчисида ҳамда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Учтепа тумани филиали мутахассисида ҳам касаллик қайд этилган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Чароғбон МФЙдаги автомашиналарни таъмирлаш устаси (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна олинган), “Ҳамкорбанк”нинг Ургут филиали ходимида (мазкур молия муассасасининг барча ходимларидан профилактик мақсадда намуна олинган), ушбу туманда қандли диабет касаллиги бўйича даволанишга йўлланма олиш учун намуна олинган беморда ҳам коронавирусга чалингани маълум бўлди.