ССВ: Коронавирусни даволашда янги усул қўлланилади
Қадим замонлардаёқ тиббиётда муҳим аҳамиятга эга бўлган инсон қони олимларнинг алоҳида эътибор марказида бўлиб келган. Чунки қон ҳаёт манбаи, унда турли касалликларга қарши курашиш қобилияти мавжуд деб ҳисобланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда қон донорлиги ва қондан турли касалликларга қарши курашиш хусусиятига эга бўлган препаратлар тайёрланиб келинмоқда. Бунга турли бактерия ва микробларга қарши зардоблар, музлатилган плазмалар ёки иммунглобулинларни мисол қилиш мумкин.
Барчамизга маълумки, айни пайтда бутун дунёда COVID-19 инфекцияси пандемияси ҳукм сурмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси ҳамда қатор масъулларимиз томонидан кўрилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли юртимизда ушбу касалликнинг тарқалиши назоратга олинган.
Яна бир аҳамиятли томони, фидойи шифокорларимизнинг машаққатли меҳнатлари натижасида коронавирус инфекциясидан тузалган беморларимиз айни пайтда 42 нафарга етди ва улар сафи кундан кунга ортиб бормоқда.
Эътиборли жиҳати, соғайган фуқароларимизнинг қон зардоби касалликни бошидан кечираётган беморларимиз учун ниҳоятда бебаҳо бўлиб, уларнинг ушбу хасталикни енгил ўтказиши ва тезроқ тузалишлари учун замин бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шунга кўра, юртимиздаги бир қатор тажрибали олим ва шифокорлар билан келишилган ҳолда, тез кунларда мутлақо янгича усул — коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини хасталиги оғир кечаётган беморларга қуйиш амалиётини жорий этиш бошланади, дея маълум қилди ССВ матбуот хизмати.
Амалиётнинг илмий асосига келадиган бўлсак, COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади.
Табиийки, бу амалиёт қатор саволлар туғдириши мумкин. Зардобдан бошқа касаллик юқмайдими? Зардоб берган инсонлар аҳволи оғирлашмайдими? Беморларга зардоб қуйилганда турли асоратлар юзага келмайдими?
Аввало, коронавирус инфекциясидан тузалган инсонлардан зардоб олишдан олдин, бир нечта инфекцияларга текширилади, тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча инфекцияси ва касаллиги бўлмаган инсонлар зардобининг кичик бир қисми олинади, холос. Бу миқдор донор учун ҳеч қандай салбий асоратларни намоён қилмайди. Бу илмий жиҳатдан исботланган. Сўнгра йиғиб олинган зардоб яна қўшимча ишлов бериш жараёнларидан ўтказилгандан сўнг касаллик оғир кечаётган беморлар розилиги ва шифокор кўрсатмалари ҳамда махсус тартибларга қатъий риоя қилинган ҳолда қўлланилиши мумкин.
Муҳими, COVID-19 инфекциясидан тузалган инсонларнинг қон зардоби – касаллик оғир кечаётган ёки узоқ давом этаётган беморларимизга вирусни тезроқ ва осонроқ енгиш учун қўшимча курашиш манбаи бўлиб хизмат қилади.