Статистика кузатувлари халқаро стандартларга мослаштирилади
Давлат статистика қўмитаси, вилоят статистика бошқармаси, Жаҳон банки, “Nazar business and technology” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ўқув-семинар ўтказилди.
Президентимизнинг 2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинарда Самарқанд ва Жиззах вилояти статистика бошқармалари мутахассислари тизимдаги янгиликлар борасида тажриба алмашишди.
- Барча соҳада бўлгани каби статистика органларида ҳам қоғозбозликни камайтириш, ҳисоботларни электрон шаклда қабул қилиш борасида бир нечта қарорлар қабул қилинди, - дейди вилоят статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шодмон Тошпўлатов. – Мазкур тадбирни ташкил этишимиздан мақсад ҳам юқорида айтиб ўтилган қарорнинг айни шу жиҳатини тизим ходимларига кенг тарғиб қилиш, вилоятимиз аҳолисининг турмуш даражасини ўрганиш ва уй хўжаликларида танлама кузатувлар ўтказишни халқаро стандартларга мослаштириш. Кузатув услубиятини такомиллаштириш мақсадида жорий йилда синов тариқасида кузатувларни электрон қурилма ёрдамида ўтказиш ва аҳолига бунинг қулайлик томонларини етказишдир.
Тадбир сўнгида Жаҳон банки томонидан ҳудудий статистика бошқармаларининг турмуш даражаси статистикаси ва уй хўжаликлари кузатувлари бўлими бошлиқлари ҳамда интервьюерларига электрон қурилма (планшет)лар топширилди.
Сулаймон МАРДИЕВ.