Суд соҳалар бўйича институционал тизимлаштирилади
Президентимиз турли даражадаги анжуманларда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш энг устувор вазифа эканлиги, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик лозимлигини такрор ва такрор қайд этиб келади.
Айни вақтда суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги ва бошқа қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Амалиёт судларни қатъий ихтисослаштириш ва ортиқча бюрократик ҳаракатларни қисқартириш ҳамда судларни оптималлаштириш орқали ишларни тезкорлик билан кўриб чиқадиган ва барча бўғин судлари бир хилда фаолият юритадиган тизимни шакллантириш зарурати мавжудлигини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июль куни қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айни тизимли муаммолар ва тўпланиб қолган долзарб масалаларнинг ечими белгилангани билан аҳамиятли бўлди.
Зеро, фармонда одил судловни амалга оширишдаги муаммолар, уни таъминлашнинг институтиционал асослари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар кўрсатиб берилди.
Биринчидан, барча бўғиндаги судлар, яъни туман (шаҳар), вилоят ва унга тенглаштирилган судлар ҳамда Олий суд фаолияти судларнинг қатъий ихтисослашувига кўра таркибан қайтадан ташкил этиладиган бўлди.
Иккинчидан, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмлари жорий қилинади. Бунда жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартиби белгиланади. Жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилади.
Учинчидан, Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқи берилади.
Тўртинчидан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади.
2021 йилнинг январь ойидан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бундан кейин вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларга бир нафар суд раиси раҳбарлик қилади. Суд раиси ўз ўринбосарларига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида ўринбосарлар фуқаролик ишлари, жиноят ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг раиси ҳам ҳисобланади.
Янги тартибга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида раис, унинг ўринбосари бўлиши мумкин ва бир неча судья фаолият олиб боради.
Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиши муносабати билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига раис раҳбарлик қилади. Мазкур судларда раис ўринбосари ва 3 нафардан 7 нафаргача судья бўлиши мумкин. Тошкент шаҳридаги туманлараро маъмурий судларга раис раҳбарлик қилади ва унинг ўринбосари бўлади. Бу судларда 2 нафардан 8 нафаргача судья фаолият олиб бориши мумкин.
Фармон билан вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорлари Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорлари Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқилади.
Асосий янгиликлардан бири Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқилиши институти киритилаётганидир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фармонда кўзда тутилган устувор йўналишлар судни соҳалар бўйича институционал тизимлаштириш, уни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари таъсирига туширмаслик, энг асосийси, адолатли қарорлар қабул қилиш орқали одамларнинг судга ишончини янада мустаҳкамлаш йўлларини белгилайди.
Бобоқул ТОШЕВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази
кафедра мудири, юридик фанлар доктори.