Суд тизимида инновацион ёндашув муҳим

Унда фуқаролик ишлари бўйича вилоят, туманлараро ва шаҳар судлари судьялари, вилоят прокуратураси, вилоят адлия бошқармаси, адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тожибоев, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва бошқалар Мурожаатномани нафақат парламентга, балки халқимизга, уларнинг Ватанга бўлган муҳаббатини юксалтиришга қаратилган чақириқ сифатида қабул қилиш лозимлигини таъкидлади.
– Мурожаатномада давлатимиз раҳбари жамиятимизда йиғилиб қолган кўпгина муаммолар хусусида рўй-рост тўхталди, – дейди М.Тожибоев. – Шу асосда Президентимизнинг суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган фармони имзоланди. Унга мувофиқ, бундан буён мамлакатимизда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилмайди.
Тадбирда суд соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, маъмурий судларнинг ташкил этилиши, процессуал қонун ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва уни расмийлаштириш тартиби, уй-жойлар давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинганда бериладиган имтиёз ва кафолатлар каби масалалар муҳокама этилди.
Нотариал ва ФҲДЁ идоралари тизимини такомиллаштириш, пенсия таъминоти билан боғлиқ низоларни ҳал этиш, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш борасида иштирокчиларнинг мулоҳазалари, таклифлари тингланди.