Судьяларнинг олий малака ҳайъатига раис сайланди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов Судьяларнинг олий малака ҳайъати раиси этиб сайланди.
Шу ҳақдаги Олий суд Пленуми қарори билан Олий суднинг тўққиз нафар судьяларидан иборат Судьяларнинг олий малака ҳайъати таркиби ҳам тасдиқланди.
Судьяларнинг олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари орасидан Судьялар олий малака ҳайъатининг раиси, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда беш йил муддатга сайланади.
Маълумот учун: Полвонов Шуҳрат Тоғаймуратович 1977 йил 11 декабрда Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида туғилган. Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси.
2022 йил ноябрь ойигача Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари бўлган.
Ш.Полвонов 2022 йил 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланган.