Сув қувурининг носоз жойи аниқланди, у тезда таъмирланади
Кеча М-39 “Олма-Ота - Тошкент - Термиз” автомобиль йўлининг Самарқанд шаҳридан ўтувчи қисмида (1081-километрида, собиқ пост “ГАИ” ) йўл остидаги 1200 мм.ли юқори босимли магистраль сув қувури ёрилган.
Шу сабаб 6 май соат 23:00 дан бир неча маҳалла ва айрим кўчаларда сув таъминоти вақтинчалик тўхтатилганлигини маълум қилган эдик. Айни пайтда шаҳар аҳолиси сув қувури қачон таъмирланиши, қачон сув берилиши ҳақида таҳририятимизга мурожаат қилмоқда.
Биз бу ҳақда “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ масъуллари билан боғландик.
- Кутилмаган носозлик оқибатида шаҳар ҳудудининг катта қисми тоза ичимлик сувисиз қолди, - дейди «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ мутахассиси Алишер Сувонов. – Тармоқдаги носозлик оқибатларини бартараф этиш учун турли ташкилотлардан 50 нафардан зиёд ходим ва бир нечта махсус техникалар жалб қилинди. Мураккаб вазиятда ишлаб, бугун, 7 май куни соат 15:00 ларда қувурнинг носоз қисми аниқланди. Айни пайтда уни таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.
Таъмирлаш ишлари якунлангач, ичимлик суви етказиб бериш тизими тикланади. Бу ҳақда хабар берамиз.