Сув хўжаликларининг аниқ мақсади, йўналиши, соҳага оид дастурлар ишлаб чиқиш учун асос бўладиган ҳужжатга зарурат мавжуд эди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ сув хўжалигини ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари, йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболини белгилайдиган, соҳага оид дастурлар ишлаб чиқиш учун асос бўладиган стратегик ҳужжат – Концепция мавжуд эмас эди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан ана шу масалага ечим топилди. Концепция Осиё Тараққиёт банки, Швейцария ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги каби халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, Концепцияни 2020–2022 йилларда амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгиловчи “Йўл харита”си ҳам тасдиқланди.
Аслида бунга зарурат бор эди…
Ҳозирда республикамиз қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 1 гектар экин майдонига манбалардан ўртача 10,7 минг метр куб сув сарфланади. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 6,5–7 минг метр кубни ташкил этади.
Сўнгги йилларда 298 минг гектар суғориладиган ерлар фойдаланишдан чиқиб кетган, 560 минг гектарида эса сув таъминоти даражаси паст, суғориладиган ерларнинг 46 фоизи турли даражада шўрланган.
Узоқ йиллар фойдаланилиши натижасида ирригация каналларининг 60 фоизи, лотокларнинг 70 фоизи эскирган. Уларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, баъзиларини алмаштириш зарур.
Сув хўжалиги учун Давлат бюджетидан ажратиладиган жами маблағларнинг 70 фоизи электр энергияси учун сарфланади. Атиги 3 фоизигина таъмирлаш-тиклаш ишларига йўналтирилади.
Соҳада 32,6 минг нафар ходим ишлайди, уларнинг ўртача иш ҳақи 1,5 миллион сўм, мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи (2,3 миллион сўм)га нисбатан 65 фоизни ташкил этади. Ҳар йили 3–4 минг ходим ишга кириб бўшаб кетади.
Кейинги 10–15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти деярли 2 баробар қисқаради, лекин сувга бўлган талаб 20 фоизга ошади. Саноат ва энергетика соҳаларининг сув истеъмоли 84 фоизга ўсади.
Шуларни ҳисобга олганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони ўз вақтида қабул қилинган, ниҳоятда долзарб ва муҳим ҳужжат бўлди, десак муболаға эмас.
Сув ҳисобини юритиш такомиллаштирилади
Очиғини айтиш керак, республикамизда ер ости, ер усти ва оқава сувлар ҳисобини юритиш яхши йўлга қўйилмаган. Бунинг сабаби, сув ресурслари устидан назоратни Сув хўжалиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Ўзгидромет, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалга оширади. Ҳар бир вазирлик ва идорада ҳисобот шакллари ҳар хил юритилади. Шундан келиб чиқиб, сув хўжалиги соҳасида прогнозлаштириш, бошқариш, назорат қилиш ва мавжуд сув ресурсларининг ҳисобини юритиш тизимлари ҳам турлича.
Мазкур йўналишда концепция асосида 2020–2021 йилларда сув ҳисобини юритиш стандартлаштирилади ҳамда давлат сув кадастрини юритиш тизими автоматлаштирилади. 2022 йилда сув ресурслари ҳисобини юритиш ва бошқаришнинг яхлит тизими яратилади.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Фармон соҳани янада такомиллаштиришда мустаҳкам асос бўлади.
Рисқул СИДДИҚОВ,
Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари.