Сувни тежашни қачон ўрганамиз?

Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бу борадаги маданиятни юксалтириш орқали омма онгида шаклланган “сув- текин” тушунчасидан воз кечиб, сувга бўлган муносабатни бутунлай ўзгартиришимиз шарт ва зарур.
Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 январдаги қарори билан туман ирригация бўлимлари негизида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилди. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан давлат бюджетига тушган тушумнинг 40 фоизини тўғридан-тўғри йўналтириш орқали ушбу ташкилотлар фаолиятини молиялаштириш ва эксплуатация қилиш йўлга қўйилди.
Сув тежовчи технологиялар жорий қилинганида ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари (гидропост) асосида аниқланганида сув солиғи ставкасига камайтирувчи коэффициент қўлланилади. Сув тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига оширувчи коэффициент қўлланилиши белгиланган.
Яъни, давлат бюджетига ортиқча юк бўлишига қарамасдан, сувни тежаётганларни рағбатлантириш чоралари кўриляпти. Давлат олиб бораётган бу сиёсат жойларда қандай тушуниляпти? Умуман, Президентнинг юқорида қайд қилинган қарори қай даражада ижро қилинмоқда?
Афсуски, таҳлиллар жойларда бу борада айрим сусткашликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, қарорга асосан, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида зарур бино ва жой билан таъминлаш вазифаси туман ҳокимларига юклатилган. Бироқ бугунги кунга қадар Иштихон, Жомбой, Қўшработ ва Нуробод туманлари “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари маъмурий бино билан таъминланмаган.
Ўрганишлар сув ресурсларидан фойдаланиш ҳолати ҳам бугунги талабга мос эмаслигини кўрсатмоқда.
Мисол учун, вилоятга (2024-2025 йиллар) кузги-қишги мавсум учун ажратилган чекланган сув миқдори 424 миллион метр куб бўлиб, туманларда сувдан фойдаланиш ҳолати таҳлил қилинганида амалда 449 миллион метр куб (лимитдан 25 миллион метр куб ортиқча) сувдан фойдаланилгани аниқланди.
Хусусан, Паст Дарғом туманида 44,3 миллион метр куб, Пахтачида 26,7 миллион метр куб, Пайариқда 17,2 миллион метр куб, Оқдарёда 6,5 миллион метр куб, Нарпай туманида 3,7 миллион метр куб сувдан ортиқча фойдаланилган.
Албатта, бу ҳолатнинг келиб чиқиши, яъни сувдан белгиланганидан ортиқча ишлатилишига сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки вилоят бўйича режадаги 7 минг гектар ўрнига амалда бор-йўғи 121 гектар (1,7 фоиз) майдонда томчилатиб суғориш жорий қилинган.
Жумладан, Булунғур туманида 63 гектар ёки 7 фоиз, Жомбой туманида 58 гектар ёки 6 фоиз майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган.
Бошқа туманларда эса бу борадаги режалар умуман бажарилмаган.
Бундан ташқари, вилоятда 3 минг 200 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш режалаштирилган бўлиб, амалда 415 гектар ёки 12 фоиз майдонда белгиланган ишлар йўлга қўйилган.
Умуман, жорий йилда сув тежовчи технолгияларни жорий этиш ишлари бор-йўғи 676 гектар ёки 4 фоиз майдонда ташкил этилгани масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Бундан ташқари, кластер ва фермер хўжаликларининг 1600 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилган. Туман ҳокимликлари томонидан берилган ҳисоботларда 863,2 километрда тегишли ишлар бажарилгани кўрсатилган.
Аммо жойига чиқиб ўрганиб кўрилганда амалда 220 километр суғориш тармоқлари бетонлаштирилгани ёки белгиланган ишлар 14 фоизга бажарилгани ойдинлашди.
Албатта, масъулиятни унутиб қўйган мутасаддиларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилади. Аммо фақат бу билан олдимизга қўйилган мақсад ва вазифага эришиб бўлмайди. Шу боис, дала ишлари бошланишидан аввал қилинадиган ишлар жиддий муҳокама қилиниб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Аҳрор Тошназаров,
вилоят ҳокими ўринбосари котибият мудири.