Табиатдаги “заҳар”лар: Уларни ким юзага келтиряпти?

Кислородни қаердан оламиз?

Ичимлик сувимиз кўпми?

Ўсмир танасидаги қўрғошин...

Бир тасаввур қилинг. Қуёшли кунда гулзорда барқ уриб турган гуллар, эндигина очилмоққа чоғланаётган ғунчалар тўсатдан кучли жала остида қолса, қай аҳволга тушади? Чангли шамол ям-яшил майсазорга ёпирилганда-чи? Қум бўрони кутилмаганда дов-дарахтлар барглари устига тўкилса, бу балои офат уларнинг табиий ҳолатига зарар етказмасмикин? Офтоб нури ва мусаффо ҳаво бўлмаган жойда гиёҳлар яшнаб ўсармиди, йўқ, албатта! Заҳарли оқава сувларнинг дарё ва кўллардаги балиқларга қирон келтираётганини эса қайта-қайта эшитяпмиз.

Табиийки, ҳар битта ўсимлик ва жониворнинг ҳаёт давомийлиги учун ўз вазифаси бор. Лекин уларнинг барчаси ноқулай шароитда озор чекади, қуриб-қовжирайди, яшовчанлик қобилиятини йўқотиши, ҳатто нобуд бўлиши мумкин. Одам ҳам шундай. Унинг кўп йиллар соғ-саломат яшаб, узоқ умр кўриши учун тоза сув, қулай муҳит ва соф ҳаво керак.

Кислородни қаердан оламиз?

Инсоният тараққиётида энг узоқ давом этган давр - тош асрида кишилар табиатга жуда яқин бўлган. Аждодларимиз сув, ўсимликлар ва тупроқни муқаддас ҳисоблашган.

Табиатга меҳр-шафқат ва оқилона муомалада бўлишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари уч минг йил аввалги “Авесто”да ҳам қайд этилган. Яъни, ерни ифлослантириб, унга зиён етказган ёки ўсимликларни пайҳон қилган одамларга махсус жазо турлари белгиланган. Болалар жуда кичиклигиданоқ дарахт кўчати ўтқазиш, ерга дон қадаш ва ниҳолларни суғориш ишларига ўргатиб борилган.

Она заминни бор ҳолича асраш зарурлиги азал-азалдан ёшу қарига фарз қилинган. Лекин даврлар ўтиб, бу қоида бузилди, узоқ йиллар давомида атроф-муҳитга қилинган қўпол муносабат туфайли эндиликда экологик аҳвол буткул издан чиқиб бормоқда. Ҳаво, сув, тупроқнинг ифлосланиши сабабли аҳоли ўртасида турли касалликлар келиб чиқаётгани ҳам сир эмас. Шундай бир вақтда ўзимизни муҳофаза қилиш чоралари бормикин?

Ривожланган давлатларда табиатга тўғри муносабатда бўлиш аллақачон қонунлаштириб қўйилган. Масалан, чет элда кимдир чекаётган сигаретини йўл четига улоқтирса, қаттиқ огоҳлантирилади. Сабаби, ҳали ўчмаган сигаретдаги тутун ҳавога тарқалиб, уни маълум миқдорда заҳарлаши мумкин. Яна кимдир қўлида ғижимланган қоғозни ерга ташлаганини кўрган киши борки, бу иши хато эканини унга тушунтиради. Бирорта кўп йиллик ўсимликни таг-томири билан юлиб олганлар ҳам катта жаримага тортилади.

Миллий бойлигимиз бўлган доривор гиёҳларни ўз билганича йиғиб, бозорда пуллаётганларга бизда ҳеч қандай чора кўрилмайди.

Тоғ ёнбағирларида ўсаётган тўрт ярим минг турдаги ўсимликларнинг 1150 тури шифобахш хусусиятга эга эканлиги олимларимиз томонидан аниқланган. Аслида бундай доривор гиёҳларнинг генофондини сақлаб қолиш чораларини белгилаш ва улар келгуси авлодлар саломатлиги учун ҳам зарур бўлиши ҳақида жиддий ўйлаб кўрилиши керак. Лекин олимлар ён-атрофимиздаги табиий гўзалликларга путур етказилаётганлиги оқибатида эндиликда 344 минг турдаги ўсимлик ва 5200 турдаги жонзотлар сони ҳадемай жуда камайиб, ўта ноёб бўлиб қолиши мумкинлигини қайта-қайта айтишмоқда.

Яна бир ҳолатга эътиборни қаратишимиз лозим. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, катта кўчалар бўйлаб ғир-ғир қатнаётган транспорт воситаларидан чиқаётган газ таркибида углеводородлар, қўрғошин, азот оксиди ва ис гази мавжуд.

Атиги битта автомобиль ҳар йили атмосфера ҳавосидан анчагина миқдорда шифобахш оксигенни “ютиб”, дудбурони орқали 500 килограмм карбонат ангидрид ва ис газлари, 40 килограмм азот оксиди, 200 килограмм ҳар хил бирикмага эга карбонсувларни ҳавога ажратиб чиқараркан. Шу каби нохуш ҳолатлар туфайли ҳавонинг тиниқлиги 25-30 фоизгача камаяди. Ҳавода мусбат (фойдали) ионлар озайиб, манфий (зарарли) ионлар кўпаяди.

Бундан ташқари, ҳавога тарқалаётган чанг зарралари биз учун фойдали ҳисобланган ультрабинафша нурларининг кўп қисмини ўзига сингдиради ва уларнинг ерга тушишига тўсқинлик қилади. Аниқроғи, ҳавода тутун, қурум ва турли хил чангларнинг қалинлашиши натижасида қуёшдан келаётган ультрабинафша нурларининг йўли тўсилиб, инсонда фойдали офтоб нурига танқислик сезилади. Бу эса организмнинг касалликларга қаршилик кўрсатиш қобилиятини пасайтиради, оқибатда юқумли дардларга мойиллик ортади.

Ён-атрофимизда бизга беминнат хизмат қилаётган кислород манбаи бўлмаганида эди, инсоният аллақачон муқаррар хавф гирдобига тушиб қоларди. Бундай кислород манбаи – ҳаёт учун бебаҳо оксиген ишлаб чиқарувчи яшил оламдир.

Тадқиқот натижаларига кўра, бир гектардаги қарағай ҳаводаги карбонат ангидриднинг юз фоизини ўзига шимади, йил давомида 30 тонна чангни ҳаводан “тутиб” қолади.

Аҳоли яшаш ҳудудларида дарахтзорларни кўпайтириш зарур, чунки улар қуёшли кунларда 300 килограмга яқин карбонад ангидрид газини ютади ва шунча миқдорда шифобахш оксиген газини ажратади, бу эса бизнинг тоза ҳаводан нафас олишимизни таъминлайди, дейишади мутахассис олимлар.

Дарахтларни доимий тарзда парваришласак, турли хилларини экиб-кўпайтирсак, бу юмушга фарзандларимизни ҳам жалб этсак, қанчалар соз бўларди.

Ичимлик сувимиз жуда оз...

Бир неча йил аввал телеэкранда кичик бир лавҳа намойиш қилинарди. Унда ўқитувчи синфга кириб, шиша тўла сувни болаларга кўрсатади ва шундай дейди:

- Буни қаранг, айтайлик, кураи заминда шунча миқдорда сув бор, агар буни бешта бўлакка бўлсак, унинг тўртдан бир қисми ичишга яроқлидир.

Ўқувчилар ҳайратланишади:

"Наҳотки биз ичадиган сув шу қадар кам бўлса?!"

Тасаввур қилинг. Инсон кимсасиз қақроқ даштда адашиб қолса-ю, сўнг ташналик туфайли ҳолдан тойиб ҳушини йўқотса. Шундай вақтда фақат оғизга томизилган бир томчи сувгина уни ҳаётга қайтара олади. Сув шунчалик қадрли, азиз!

Тириклигимиз асоси бўлмиш сувга нисбатан муносабатимиз ҳамон ёмонлигича қолмоқда. Ер юзининг 70,8 фоизи сувдан иборат эканини ҳаммамиз биламиз. Бироқ шу сувнинг асосий қисми шўр, жуда оз қисми чучук, холос.

Тарихдан маълумки, айрим мамлакатларда турли касаллик эпидемиялари тарқалишига сувнинг юқумли инфекциялар билан ифлосланиши сабаб бўлган. Абу Али ибн Сино ҳам асарларида сув ҳақида тўхталиб, қўрғошинли қувурлардан оққан сувнинг саломатлик учун хавфли эканини таъкидлаган. Бугунги кун мутахассисларининг айтишларича, сув таркибидаги ўзгаришлар юрак ва қон-томир хасталикларини келтириб чиқариши кузатилган.

Ён-атрофимизга қарасак, баъзан ичишга яроқли сувнинг кўплаб исроф бўлаётганини кўрамиз. Айниқса, шаҳар шароитида (ҳатто кўплаб қишлоқларда ҳам) томорқа экинларини ичимлик суви билан суғориш ҳоллари учрайди. Жўмраги бузилиб, томчилаётган сувни кўриб индамасак, муаммони ҳал этиш чорасини кўрмасак, қисқа муддат ичида анчагина сув исроф бўлиши тайин.

Тадқиқотлар натижасига кўра, инсон саломатлигига салбий таъсир этаётган омилларнинг 30 фоизи сув таркибининг бузилишига тўғри келаркан. Демак, ҳар бир киши ичимлик сувидан тежаб-тергаб фойдаланиш хусусида ўйлаб кўриши зарур. Ваҳоланки, бу борада ҳукуматнинг бир қанча қарорларида ҳам ўта муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Сувни ақл билан ишлатсак ва беҳуда исроф қилмасак, фақат ўзимизни эмас, балки келгуси авлодлар келажагини ҳам қадрлаган бўламиз. Тип-тиниқ сувлар мўл-кўл оқиб турса, ризқ-рўзимиз ошади, уйларимизга барака киради, дардлар чекинади.

Ўсмир танасидаги қўрғошин

(биз эндиликда нималар қилишимиз керак?)

Болаларнинг нафас олиш аъзолари касалликлари билан ҳаводаги заҳарли моддалар ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд. Даволаш қийин кечадиган аллергик ва токсикоаллергик хасталикларининг ёшлар орасида кўпаяётганлигига ҳам ҳавонинг зарарли моддалар билан заҳарланганлиги сабабчидир.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумот беришича, атмосферани ифлослантираётган токсик моддалар ҳар йили дунё бўйича 5 миллиондан ортиқроқ болалар ҳаётига зомин бўляпти. Тупроқда оғир металларнинг рухсат этилган меъёрдагидан ортиқ тўпланиши натижасида ўсмир болаларда юракнинг тез уриши, бош оғриғи, қон босими ортиши кузатилаётган экан. Бундай ёшдаги болалар илигида ҳатто қўрғошин моддаси борлиги аниқланибди.

Экологик муҳит учун катта аҳамиятга эга ҳисобланган озон қатламининг тобора юпқалашаётгани ҳам таркибида фтор ва хлор бўлган органик моддаларнинг атмосферага кўтарилаётгани оқибатидир, дейди олимларимиздан бири.

Борлиқнинг фусункорлиги кишининг кўзларини яшнатиб, кўнглини яйратади, вужудига куч-қувват ато этиб, саломатлигини мустаҳкамлаши асл ҳақиқат. Дунёга танилган адиб Рауф Денкташ ҳам ўз асарида “Кундалик ташвишлардан ҳориган кезларингизда атроф гўзалликларидан баҳраманд бўлинг, сиз ястаниб ётган яшиллик оламига тўйиб боқсангиз, руҳингиз ором олади, жисмингиз дардлардан холи бўлади, ҳаётнинг беқиёс чиройи ва завқ-шавқини ҳис этасиз...”, дея ёзади.

Бизни сўлим ва баҳаво масканлар доимо ўзига жалб этаверади. Аммо табиат бағрида яйраб ҳордиқ чиқариш билан бирга шундай жозибадор ҳудудларни асраб-авайлаш ҳам зарурлигини унутамиз. Аслида табиатга нотўғри муносабат, табиий бойликларимизга эътиборсизлик туфайли ҳар жойда чиқиндилар кўпайиб, биосферанинг ифлосланишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, кишилар онгига экологик маданият тушунчасини ҳар қачонгидан кўра чуқурроқ сингдириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолиши лозим.

Атроф-муҳит ҳолатининг инсон саломатлигига таъсирини ўрганган мутахассис олимлар таъкидлашича, беморлар яшаётган ҳудуд ҳавосининг яхшиланиши, тоза ичимлик суви билан таъминланиши ёки бу жойларнинг кўкламзорлаштирилиши бевосита даволаниш жараёнининг кучайишига ҳамда тез фурсатда соғайишга сезиларли таъсир қилар экан. Бундан кўринадики, соғлом ҳаёт ҳовли-жойларни озода сақлашдан бошланади.

Уй атрофидан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилиши зарур. Акс ҳолда туриб қолган ошхона чиқиндиларида касаллик қўзғатувчи микроблар тобора кўпаяверади ва инсон организмига катта зарар етказади. Негаки, чиқиндилар биз нафас олиб турган ҳавони зарарлайди. Чиқинди уюми бор жойда чивин ва пашшалар урчиб, кўпаяди. Пашшалар полиомиелит ва боткин касаллиги (вирусли гепатит)нинг ва бошқа жуда кўп юқумли хасталикларнинг тарқалишига сабабчи бўлади.

Шифокорларнинг фикрича, кўча ва йўлакларда узоқ қолиб кетган чиқиндиларда қорин тифи, паратиф (заҳарланиш), туберкулёз ва бир қанча юқумли хасталикларни келтириб чиқарадиган микроорганизмлар узоқ вақт сақланар экан.

Ўғил-қизларни экологик жиҳатдан билимли қилиб тарбиялашга нафақат ота-оналар, балки педагог ва тарбиячилар ҳам ўзларини масъул деб билсалар яхши бўларди. Негаки, экологик тарбияни, аввало, оиладан, болаларнинг боғча ёшидан бошлаш тўғрироқ. Мактабгача тарбия муассасаларида олиб бориладиган турли тадбирлар жараёнида болалар онгида экологик маданиятни шакллантириш, шунингдек, улар қалбида ўзи яшаётган жойга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига меҳр уйғотиш лозим. Шундагина ёшларимизнинг ён-атроф орасталигига эътибори кучаяди, борлиқни асраб-авайлашдек эзгу мақсадлар йўлида ҳаракат бошлайди. Асосийси, она табиат олдидаги инсонийлик бурчимизни ҳар биримиз юракдан англаганимиз маъқул. Шундагина келажагимизга хавф солаётган экологик зарарли омилларнинг оз бўлса-да олди олиниши шубҳасиз.

 Гулчеҳра Жамилова,

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.