Тадбиркор мурожаатига Паст Дарғом туман ҳокимлиги муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда “Amin invest international” қўшма корхонаси раҳбари Эмма Костамированинг 2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентига йўлланган видео мурожаати турлича талқин қилинмоқда.
Мазкур ҳолатга Паст Дарғом туман ҳокимлиги муносабат билдирди:
Эмма Костамирова томонидан маълум қилинган қўшма корхона 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Мурожаатда айтилганидек, пахта етиштирувчи, фермер хўжаликлари билан шартнома асосида пахтани қабул қилиш учун шартнома расмийлаштирилмаганлиги корхона фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайди. “Amin invest international” қўшма корхонаси хоҳлаган пайтда, хоҳлаган миқдорда биржа орқали тола сотиб олиши мумкин.
Паст Дарғом туманидаги фермер хўжаликларининг 2020 йил пахта ҳосили учун “Amin invest international” қўшма корхонаси билан шартнома тузилмаганлигига қуйидагилар сабаб бўлди:
- “Amin invest international” қўшма корхонасига бугунги кунда Паст Дарғом тумани ҳудудидан 383 гектар ер белгиланган тартибда ажратиб берилган. Бироқ, ажратилган мазкур ернинг 70 гектари ҳали-ҳануз ағдарилмай (2019 йилнинг ноябрь ойида шудгорлаш лозим эди), агротехник тадбирлар ўтказилмаган. Ер пахта экишга тайёрланмаган. Бу эса, энг ёмон ҳолат деб баҳоланади. Ўзига тегишли ерни обод қилмаган қўшма корхона қандай қилиб бошқа фермер хўжаликларига намуна бўлади?
- бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамай, бугунги кунга қадар 2020 йил ҳосили учун минерал ўғит захираси жамғарилмаган;
- қўшма корхона томонидан ўз балансига фермер хўжаликларининг оғирини енгил қилиш, иш самарадорлигини ва ер унумдорлигини ошириш мақсадида бирорта ҳам қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари сотиб олинмаган (маълумот учун, бошқа кластерлар томонидан 2019 йилда 118,0 миллиард сўмлик 1278 та қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олинган);
- энг ачинарлиси, Паст Дарғом туманидаги 152 фермер хўжалиги томонидан пешона тери билан етиштирилган 2019 йил пахта ҳосилининг ҳисоб-китоби шартномада 2019 йил 31 декабрга қадар тўлаб берилиши кўрсатилган бўлсада, тўлов 2020 йил апрель ойининг биринчи ўн кунлигигача ҳам амалга оширилмаган. Етиштирилган пахта ҳосилидан 11 миллиард 657 миллион сўм ҳақдорликдан бор-йўғи 2 миллиард 663 миллион сўми (22,8 фоизи) 40 та (26,3 фоиз) фермер хўжалигининг ҳисоб рақамига қисман ўтказилган, холос. Қолган 112 та фермер хўжалигининг 8 миллиард 999 миллион сўм маблағи бугунги кунгача тўланмаган. Бу эса, ўз навбатида фермер хўжаликлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ишчиларнинг иш ҳақини ўз вақтида ололмай сарсон-саргардон, норози бўлишига ва ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, 2019 йилда мазкур қўшма корхонанинг кластер сифатидаги фаолиятида ижобий фарқ ҳисобига қолган маблағ 35,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентябрдаги «2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 01-03/-1711-сонли йиғилиш баёнида 2019 йил пахта йиғим-терим даврида 91 та терим отряди раҳбарига 364 миллион сўм иш ҳақи берилиши белгиланган бўлса-да мазкур қўшма корхона томонидан отряд раҳбарларига иш ҳақи берилмаган. Ваҳоланки, “Amin invest international” қўшма корхонаси пахтани йиғиб, териб олишга бевосита масъул ҳисобланган.
2019 йил пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида туман ҳокимлиги ва пахта штаби томонидан ҳашарчиларни узоқ худудлардаги пахта майдонларига олиб бориш мақсадида уч томонлама шартнома асосида олдиндан тўловсиз транспорт хизматлари кўрсатилиши ташкил этилган. “Amin invest international” қўшма корхонасининг ушбу масала бўйича ҳам 7 та автотранспорт корхонаси олдидаги қарздорлиги бугунги кунда 325 миллион сўмни ташкил этмоқда ва тўлов ҳанузгача амалга оширилмаган.
Қўшма корхонада бирорта хам қишлоқ хўжалиги мутахассиси мавжуд эмас. Фермер хўжаликларидаги кадрларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш борасида ҳам қўшма корхона томонидан ҳеч қандай амалий иш олиб борилмаган.
Қўшма корхона томонидан Паст Дарғом туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бирорта ишчи ўрни яратилмаган. Ижтимоий муаммоларнинг ечими бўйича амалий ёрдам, ҳатто таклиф ҳам берилмаган (туманнинг пахта экиладиган ҳудудларида ижтимоий муаммоларимиз етарлича. Вилоятнинг Нарпай, Иштихон, Каттақўрғон туманларидаги ёки туманимизнинг иккинчи қисмида фаолият юритган кластер томонидан қўшимча иш ўринлари яратилаётгани, ҳаттоки ижтимоий муаммолар ечимига кўмакдош бўлаётганлиги таҳсинга сазовордир).
Шу билан бир қаторда, Паст Дарғом тумани ҳокимлигида корхона томонидан мазкур ҳудудда қонунга зид равишда нақд пул шаклида ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилганлиги ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд (қўшма корхона томонидан пахта тозалаш корхонасига етиштирилган пахтани қайта ишлаш хизматлари учун 600 миллион сўмга яқин пул маблағи банкдан ташқари нақд пул кўринишида тўлаб берилган. Пахта тозалаш корхонаси раҳбариятининг билдиришича, қўшма корхона 2 миллиард сўмга яқин қарздорлигини ҳанузгача тўламасдан келмоқда).
Қўшма корхонадаги бундай салбий ҳолатлар тумандаги пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини иқтисодий танг ҳолатга олиб келиши мумкин.
Юқорида қайд этилган асосли сабаблар ва маълумотларга кўра туман ҳокимлиги, туман фермер ва деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши 2020 йил пахта ҳосилини етиштириш бўйича Паст Дарғом туманидаги фермер хўжаликлари билан “Amin invest international” қўшма корхонаси ўртасида контрактация шартномасини тузишни мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келган.