Тадбиркор ва фермерлар солиқ тизимидаги янгиликлардан хабардорми?
2020 йил 1 январдан ягона ер солиғи бекор қилинди, шу билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари умумбелгиланган солиқлар ва айланмадан солиқ тўлашга ўтказилди. Айланмадан олинадиган солиқ агар йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан кам бўлса солиқ ставкаси 4 фоиз. Айланмадан олинадиган солиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари майдони 50 гектар ва ундан кўп бўлган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига татбиқ қилинмайди.
Солиқ кодексининг янги таҳриридаги шу каби ўзгаришларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида Самарқанд туманида тадбир ўтказилди.
Кўргазмали семинар шаклида ташкил этилган тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедов ва мутахассислар солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил тушунча берди.
Шунингдек, вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи бевосита тадбиркорлик субъектларида бўлиб, қонунчиликдаги янгиликларни корхона раҳбарлари ва ҳисобчиларига тушунтирди. Жумладан, тумандаги “Самарқанд пласт полимер” МЧЖда бўлган ишчи гуруҳ аъзолари тадбиркор ва ишчиларга янги таҳрирдаги Солиқ Кодексидаги асосий ўзгаришлар тўғрисида маълумот бериш билан бирга уларнинг таклифларини ҳам ўрганди.
Туманда фаолият юритаётган “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги асосан паррандачилик ва паррандалар учун омухта ем етиштириш билан шуғулланади. Фермер хўжалиги бошлиғи Ҳайдар Ўроқов хўжалик фаолиятини кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантириш мақсадида катта майдонда замонавий технология асосида узумзор ташкил қилаётгани, келгусида қайта ишлаш шохобчаси ташкил этмоқчилигини билдириб, бу борадаги солиқ енгилликлари ҳақида сўради. Фермерга зарур тушунчалар берилди.
Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.