Тадбиркорни нима қийнайди?

Жорий йил бошига қадар вилоятдаги Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига 6164 масала бўйича 5662 мурожаат келиб тушди.

Мурожаатларнинг 6085 таси кўриб чиқилиб, 3330 таси қаноатлантирилди, 2513 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 242 таси рад этилди. Келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатларнинг 425 таси республика даражасида, 1958 таси вилоят даражасида, 3702 таси туман (шаҳар) даражасидаги масалалардир.

Тадбиркорлар асосан кредит (2367), ер ва бино иншоотлар ажратиш (767), рухсатномалар, лицензиялар ва ҳужжатлар расмийлаштириш (166), инфратузилма (239), суд ва ҳуқуқ (114), солиқ (189) масалаларида мурожаат қилди. Бундан кўринадики, мазкур соҳаларда тадбиркорларни қийнаётган тартиблар ва ёки ҳужжатлар мавжуд.

Шунингдек, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ёшлар ва ёш тадбиркорлар 1478 масала юзасидан мурожаат қилди.

Ўз бизнесини бошлаш истагидаги аёллар томонидан 1484 мурожаат бўлди ва уларнинг 818 таси қаноатлантирилди.

2021 йилда Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси қошида Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ташкил этилди. Ушбу клиника “Ягона дарча” тамойили асосида барча масалаларни комплекс кўриб чиқиб, тадбиркорларга кўмак бериш ишлари бошланди.

Ҳозиргача клиникага 92 та масалада 78 та мурожаат тушди ва унинг 42 таси ижобий ҳал этилди, 4 таси рад этилди.

Барча туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан вилоят клиникаси ўртасида онлайн видеоалоқа йўлга қўйилган. Тадбиркорлар ҳам бу имкониятдан фойдаланиб, корхоналарни соғломлаштириш клиникасига онлайн мурожаат қилмоқда.

2021 йилда қабулхона томонидан маҳаллий ҳокимликлар, ташкилот ва идораларга огоҳлантириш ва чора кўриш юзасидан 179 та хат юборилиб, 70 та ҳолатда масъул ходимларга чоралар кўрилди.

С.Пардаев,
Бош вазирнинг вилоятдаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири.