Тажриба тариқасидаги агросаноат зонаси. Унда қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилади?

ГИДРОПОНИКА ОДАТИЙ ИССИҚХОНАДАН ҚАНЧАЛИК САМАРАЛИ?
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 гектар майдонда оддий усулдаги иссиқхона қуриш учун 100-120 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланади. Шунча майдонга гидропоника усулида замонавий иссиқхона қуриш учун эса 500-550 минг АҚШ доллари зарур бўлади ва 50 йил кафолатли хизмат қилади. Хўш, бу усулдаги иссиқхоналар қанчалик афзал?
– Одатий усулдаги иссиқхоналарда экинлар ерга экилади ва 5-6 йилда ердаги макро ва микро элементлар пасаяди, қолаверса, ер остида кўп йиллардан буён сақланаётган касалликлар ҳам экин ривожига салбий таъсир қилиши мумкин, – дейди "Даромад бахт омад" масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Илёс Ниёзов. – Бундан ташқари, тупроқнинг ҳолатига қараб, экинлар бирдек ўсмаслиги, ерости сувларининг жойлашувига қараб, ўсимликнинг томири ривожланмаслиги ва майдонни турли бегона ўт босиши натижасида ҳосилдорликка сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Гидропоника усулида эса экинлар ердан 50-60 сантиметргача баландликда махсус жойда субстратга, яъни Таиланд, Индонезия ёки Ҳиндистондан келтириладиган линивата ва кокос пўстлоғига экилади. Бу усулнинг яна бир афзал томони, иссиқхонани тошлоқ, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар, чўл ҳудудларда ҳаттоки, бетонланган майдонда ҳам қурса бўлади. Ўсимликка бериладиган барча минерал ўғитлар томирдан сув орқали берилиши ҳисобига ишчи кучи ва сув сарфи бир неча баробарга камаяди, бегона ўт ўсмайди.
Биз 2016 йилда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган тошлоқ жойдан 6 гектар ер олиб, 2,5 гектар майдонда гидропоника усулида ва 3,5 гектарда одатий усулда иссиқхона қурдик. Бунинг учун MAR линияси орқали 700 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олдик ва 450 минг доллар миқдорида ўз сармоямизни сарфладик. Ўтган йили иссиқхонага помидор экиб, 180 тоннага яқин ҳосил олдик ва 60 тоннасини Қозоғистонга экспорт қилдик. Даромад ҳисобидан жорий йилда 600 тонналик совуткичли омборхона қуриб, ишга туширдик. Йил сўнгигача Хитойдан замонавий ускуна келтириб, пластмасса қутилар ишлаб чиқариш линиясини ишга туширмоқчимиз. MAR линияси орқали 2 миллион доллар кредит олиш учун ариза берганмиз. Ушбу маблағ эвазига яна 3,5 гектар майдонда гидропоника усулида иссиқхона қуришни ва 2019 йилда ишчилар сонини 150 тага етказишни режалаштирганмиз.
Мутахассиснинг айтишича, одатий усулдаги иссиқхонанинг бир гектаридан 100-120 тоннагача помидор олинса, гидропоника усулидаги иссиқхонада помидор, бодринг ҳосили 300-350 тоннагача етиши мумкин экан.
ДАСТУРДА БЕЛГИЛАНГАН ТОПШИРИҚ БАЖАРИЛМАДИ. НЕГА?
– Президентимизнинг жорий йил март ойидаги ташрифларида белгиланган вазифаларга кўра, ер майдонимизни 10 гектарга етказишимиз ва гидропоника усулидаги янги иссиқхоналар қуриб, ишга туширишимиз лозим эди, – сўзида давом этади. И.Ниёзов. – Туман ҳокимлиги томонидан ер ажратилди. Режага кўра, май ойида MAR линияси орқали кредит ажратилиши, биз эса август ойигача янги иссиқхонани қуриб, сентябрда ишга туширишимиз керак эди. Аммо ҳанузгача кредит ажратилгани йўқ. Ваҳоланки, биз кредитни вақтида олганимизда мавсум бошлангунча иссиқхоналарни қуриб, ишга тушириб, 40 га яқин иш ўрни яратишимиз мумкин эди.
КРЕДИТ ОЛОЛМАЁТГАНЛАР ЁЛFИЗ ЭМАС
Агросаноат зонасидаги яна бир шундай иссиқхонани "SAMARKAND SEOUL TRADE" масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ҳисобидан қуриб, ишга туширган.
– Ўтган икки йил давомида иссиқхонада помидор экиб, ҳосилни ички бозордан ташқари Россияга экспорт қилдик, – дейди жамият директори Равшан Бурхонов. – Бу йил иссиқхонага бодринг экиб, 150-180 тонна ҳосил олиш ниятидамиз. Фаолиятни кенгайтириш мақсадида MAR линиясидан 980 минг доллар кредит олиб, яна икки гектар майдонда гидропоника усулидаги иссиқхона қуришни режалаштиргандик. Аммо ҳанузгача маблағ ажратилмаяпти.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
"Зарафшон" мухбири.