Севги сабабли таълимдан воз кечиш керакми?

Ёхуд олималик орзусининг тоғлар орасида қолгани хусусида
Инсон ҳаётида баъзан билган, баъзан эса билмаган ҳолда шундай қарорлар қабул қиладики, уларнинг оқибати умрбод афсусга айланиши мумкин. Айрим хатоларни кейинчалик тўғрилашга имконият бўлмайди.
Мени бу фикрларга етаклаган воқеа эса бир пайтлар ўзига катта умид боғланган, иқтидорли бир қиз ҳақида. Келин бўлиб тушган қишлоғимда мактабда иш бошлаган кунларимда у битирувчи синфда ўқирди. Юриш-туриши, ўзбекона кийиниши, хушмуомалалиги билан эътиборимни тортганди. Тенгдошлари орасида ҳам у билими, ақли ва табиий гўзаллиги билан ажралиб турарди.
Ҳамкасблар билан суҳбатларимизда ҳам у тез-тез тилга олинарди. Ҳамма устозлар уни яхши кўрар, келажагидан катта умид қиларди. Чунки у ижодкор, билимга чанқоқ, қалбида олима бўлиш орзусини асраб юрган қиз эди.
Афсуски, бу умидлар узоққа чўзилмади. Орадан кўп ўтмай, унинг хатти-ҳаракатида, юриш-туришида кескин ўзгаришлар кўрина бошлади. Қиз юз-кўзини бўяб, ўзига хосликни йўқотиб, ташқи кўринишига кўпроқ аҳамият бериб қолди. Суриштириб билишимизча, унга уйдагилари сўнгги русумдаги смартфон олиб беришган ва у ижтимоий тармоқ орқали ўзидан бир неча ёш катта йигит билан танишиб, севиб қолган.
Биз, устозлар бу вазиятда бефарқ қолмадик. У билан суҳбатлар ўтказдик, таълимнинг, келажакдаги мустақил ҳаётнинг аҳамиятини тушунтирдик. “Севги – вақтинча, аммо билим – бир умрлик”, деб кўп гапирдик. Аммо бу маслаҳатлар унга кор қилмади.
У мактабни тугатмасдан унаштирилди. Қўлига шаҳодатномасини олмасдан турмуш қурди. На ота-онаси, на устозлар бу қароридан қайтара олди. Шу заҳоти, илм йўлида порлаши мумкин бўлган бир иқтидор қишлоқ тоғлари орасида сўнди.
Яқинда у билан тасодифан учрашиб қолдим. Суҳбат давомида ҳаёти анча қийин кечаётганини айтди. Уч йил ичида икки фарзандли бўлган, аммо оналикка тайёр эмаслигини тан олди. Устозлар айтганини қилмаганидан афсусдалигини ҳам яширмади. Юзида алам, қалбида орзулари сўнган қизнинг оғриғи сезилиб турарди.
Бу қисса орқали битта ҳақиқат яна бир бор исботини топади:
Бугунги қарорлар эртанги тақдирни белгилайди.
Тўғри, севги инсон ҳаётида муҳим, аммо у ақл ва масъулият билан тарозиланмаса, энди бошланиши керак бўлган умр йўлида оғир синовларга дуч келиши аниқ.
Орзу қилган келажакка фақат сабр, меҳнат ва билим билан етиб бориш мумкин. Ҳар бир ёш, айниқса қиз бола бу ҳаётий дарсдан тегишли хулоса чиқариши керак. Чунки улар фақат бугуннинг эмас, эртанинг ҳам соҳибалари.
Заҳро Ибрагимова.