Таклифларимиз амалга ошиши учун ҳам овоз бердик

Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонида ташкил этилган 70-референдум участкаси ҳали овоз бериш жараёнлари бошланмасиданоқ теварак-атрофдаги маҳаллалар фуқаролари ва талабалар билан гавжум бўлди.

- Ҳудудда ўн мингга яқин талаба истиқомат қилади, - дейди Алишер Навоий маҳалласи ёшлари етакчиси Фарангиз Худоёрова. - Уч ой аввал Конституциявий лойиҳа муҳокама қилинганда уларнинг берган фикр ва таклифлари инобатга олинди. Бугунги референдумда шуларни амалга ошиши учун ҳам овоз беришяпти.

- Бундай сиёсий жараёнда илк марта иштирок этиб, овоз беряпман, - дейди Самарқанд давлат университети талабаси Малика Ҳазратқулова. – Айниқса, янгиланган Конституцияда ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларига оид муҳим ўзгаришлар қилинаётгани мени бефарқ қолдирмади.